13:32 / 22.03.2020
9 828

Оллоҳнинг қаҳри ва синови

Оллоҳнинг қаҳри ва синови
Оллоҳ ердаги ҳаётни бир зумда тўхтатиб қўйди. Ерда ҳаёт тўхтаган. Фақат Она замин ҳаракатда ва қуёш ўз нурини сочмоқда, холос. Миллати, дини ва ирқидан қатъий назар барча саросимада ва хавотирда. Нега?! Нега шундай бўлди? Нега Оллоҳ бизга иккала кўз кўр ва ғорда яшайдиган кўршапалак орқали кўзи очиқларга кўринмас заррани юборди. Ушбу кўзга кўринмас зарра кўзлари кўр онгсиз ҳашорат орқали кўзи очиқ онгли жонзотларга юборилди.

Бу албатта қизиқ! Бунда не маъно бор?! Нима учун Оллоҳ вирусни инсонлар орасида тарқатиш учун кўршапалакни танлади?! Нима учун ўз инида қамалиб ўтирадиган, ёруғликни ёмон кўрадиган ва ташқарига учиб чиқса ҳам яна қайтиб ўз инига, яъни ёқимсиз қоронғи жойга кириб кетадиган кўршапалак орқали юборди? Нима учун фақат ўзидан бошқа жонзотни билмайдиган, ёруғликдан қочадиган ва қоронғи ғорни афзал кўрадиган кўршапалакни танлади? Нега бошқа ҳайвонни танламади! Бунда бир мажозий маъно йўқмикан?!

Зарифбой Ибодуллаев
Албатта бор! Оллоҳнинг вирусни кўршапалак орқали тарқатишида катта маъно бор! Оқибати нима бўлди? Оқибатда кўзи очиқ онгли жонзотлар иккала кўзи кўр онгсиз жонзот, яъни кўршапалак каби ўз инларига кириб кетди. Оллоҳ инсонларни ҳам худди кўршапалак каби бошқалар билан мулоқот қила олмайдиган қилиб қўйди. Кўчага чиқармай қўйди. Қон-қариндошлар билан учрамайдиган қилиб қўйди. Фарзандларини суйиб бағрига босмайдиган, юз-қўлидан ўпмайдиган ва эркаламайдиган қилиб қўйди. Ноз-неъматлардан бебаҳра қилиб қўйди.

Нега шундай бўлди? Мен бу саволга бирин-кетин жавоб беришга ҳаракат қиламан. Биринчи зарба Ислом динини таҳқирлаётган Хитойга бўлди. Сўнгра Ислом дини ўчоғи бўлмиш Эронга тарқади. Кейин Туркия, Ғарб давлатлари, Россия ва ниҳоят бизга ҳам етиб келди. Бунинг асл сабаби уйғур халқининг оғу-нидолари ва алифбо бешиги бўлган Сурияга ташланаётган бомбалар, ўз уйидан қочиб насронийлар юртига ета олмасдан денгизларга чўкиб кетаётган бегуноҳ оналар ва болалар нидоси эмасми?! Оллоҳнинг қаҳри шундан эмасмикан?! Мусулмон бўла туриб мусулмонни қонини тўкаётган Туркияга ҳам огоҳлантириш эмасми бу?

Эй Ғарбликлар! Нега ўз уйинг бўла туриб бировнинг уйига кўз олайтирдинг?! Нега ўз фарзандларинг роҳат-фароғатда яшаяпди-ю, бошқалар фарзандини шундай яшашга йўл қўймадинг?! Нега чақалоқлар ва оналар устига бомбалар ёғдирдинг?! Нега ўз ҳақиқатларингни уруш билан оқладинг?! Нега бузуқ ҳаёт тарзингни мусулмон дунёсига зўрлаб тиқиштирмоқчи бўлдинг?! Энди ўз уйингдан ҳам чиқа олмай ўтирибсанку? Ўзга юртлар у ёқда турсин, ўз юртингнинг ўзга шаҳрига ҳам боролмаяпсанку! Эшигингдан бир қадам ҳам нарига чиқа олмаяпсанку! Шундай бўлади, деб ҳеч ўйлаб кўрганмидинг?! Албатта йўқ? Чунки сенинг ақлинг фақат қирғин келтирувчи қуролларга етган. Бошқа миллатларни нон-туздан жудо қилиб, энда ўзинг ҳам нон-тузга чиқа олмай кўршапалакдай уйда қамалиб ўтирибсан-ми?

Нега санга тегмаётганга тегдинг?! Нега ўз яшаш тарзингни 1000 йиллар илгари сани саводли қилган туркийлар ва форсийлар дунёсига тиқиштиришга ҳаракат қилдинг? Мен ўткан замон билан гапираяпман. Ўйлайманки, келажакда бу хатони такрорламайсан. Бошқа халқларни қирадиган қуроллар учун миллиардлар сарфладинг, энди “corona” халқингни қирмаслиги учун триллион сарфлаяпсан. Оллоҳ сени Оддий вирус олдида тиз чўкдирди.

Нега илм-фан ўчоғи бўлган Ироқ ва Сурияни хонавайрон қилдинг?! Энди Эронга кўз олайтираяпсан. Ахир улар улуғ мутафаккирларни дунёга келтирган юртларку! Не-не олиму-фузалоларни дунёга келтирган Сурия халқининг тарихини йўқ қилдинг?! Нега! Сенинг бомбаларингдан мажруҳ бўлаётганлар қарғиши, қирилиб қабр кўрмаётган ёш болалар ва чақалоғини бағрига босиб йўлларда ўлиб ётган ва қочаман деб денгизларга чўкиб балиқларга ем бўлаётган она-болаларнинг чинқираган руҳлари шу балони бошингга ёғдирди!

Ёруғлик тезлигидан бир неча баробар тез учадиган қуролларни яратаётган миянгни бир ишга солиб кўр! Нега Оллоҳ юборган вирус коронавирус деб номланади?! Менимча “сorona” – бу қиролларга қирон келтирувчи вирус дегани. Бир ўйлаб кўрчи? Эй Қирол! Бу сенга ва дин-диёнатни унутган сенинг халқингга қирғин келтирадиган вирус деган маънони англатмайдими?

Эътибор қил! Коронавирус 10 ёшгача бўлмаганларни қонига тушса-да, уларга зиён қилмайди! Чунки улар бегуноҳ! 60 ёшдан ошган қариларга эса қирон келтиряпти. Демак, улар гуноҳкор! Нега шундай деса, “Ҳа, боланинг иммунитети юқори, қарияларда эса паст” деб жавоб бераяпмиз.

Балким ундай эмасдир! Қарисакда иммунитет эмас, балки дин-диёнатимиз пастлигидадир, 60 ёшдан ошсак-да, Оллоҳни танимаслигимиздадир асосий сабаб. Коронавирус қирон келтираётган қиролларнинг аксарияти 60 дан ошган шахслар. Бунда катта мантиқ бор! Ўрта ёшдагиларнинг ярми тузалиб кетаяпти, ярми эса – йўқ! Демак, унисини ҳам бунисини ҳам Оллоҳ синаяпти.

Ўзбекистончи?! Уйлайманки, бизнинг халқимиз бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олади ва эл бошига тушган ушбу синовдан албатта чиқади! Ҳаётимиз яна ўз измига тушади. Ушбу синовдан биз нафақат соғлом турмуш тарзига риоя қилишни ўрганишимиз, балким тарбия борасида ҳам кўп хулосалар чиқариб олишимиз керак. Қайтаётган меҳр-оқибатни қайта тиклайлик! Меҳр-оқибатли бўлайлик! Ота-оналарни ҳурмат қилишни, фарзандларимизга тўғри тарбия беришни эсдан чиқармайлик! Ҳар қандай балони енгувчи куч – бу илм-маърифат эканлигини ҳар доим эсда тутайлик!

Ҳаммага соғлиқ тилаб, профессор Зарифбой Ибодуллаев
22 март 2020 йил

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оллоҳнинг қаҳри ва синови