03:00 / 27.04.2020
5 641

Рамазон сабоқлари: саҳарлик ва ифторлик вақтига қандай риоя этилиши кераклиги ҳақида

Рамазон сабоқлари: саҳарлик ва ифторлик вақтига қандай риоя этилиши кераклиги ҳақида
Муборак Рамазон ойининг Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло наздида иззату ҳурмати, қадр-қиммати шунчалар беқиёски, Парвардигор Ўз каломи бўлмиш Қуръони азимуш-шаънни айнан шу ойда нозил қилди. Мўминларга фақат Рамазонда рўза тутишлик фарз этиб белгиланди.

Бу ҳақида “Бақара” сурасининг 185-оятида бундай дейилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин...” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,“Тафсири ҳилол”)

Шунингдек, қабилалар ва давлатлар ўртасидаги урушлар ҳам бу ойда ҳаром қилинди. Муқаддас манбаларда бу ойда дўзахлар эшиги ёпилиб, жаннатлар эшиги очилиши, шайтонлар кишанланиши айтилади. Рамазон шу сифатлари билан қолган ўн бир ойнинг сарварига айланди. Биз бугун ана шундай улуғ даражалар билан эъзозланган ой билан юзма-юз турибмиз. Унинг рўзасини тутишликни фарз дея, қабул қилган киши учун саҳарлик ва ифторлик пайтлари риоя этилиши лозим бўлган бир қатор талаблар ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Бу — саҳарлик ва ифторликнинг белгиланган вақтларидир. Бу кишиларнинг ўз нафсига алданиб қолмаслиги учун жорий этилган мезондир. Чунки таомилимизда кўпчилик айнан саҳарлик ва ифторлик вақтларига унчалик эътибор қилишмайди. Диний кўрсатмалар қолиб, ўз билганларича иш тутадилар. Натижада оғиз очиш пайти бироз ортга сурилади ва саҳарлик учун мумкин бўлган вақт жуда эрта ният қилиш (оғиз ёпиш) орқали бой берилади.

Севимли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлик даврларида ҳам саҳобалар ўртасида бундай тушунмовчиликлар бўлган. Шу боис, Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло бандаларига ушбу вақтнинг чегараларини қатъий белгилаб оят нозил қилади.

“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб, ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг...” (“Бақара” сураси, 187-оят. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,“Тафсири ҳилол”)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бу буйруқни ўз суннатларида жорий этадилар.

Муҳаддислар султони имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” китобида бу ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз:
Оиша разияллоҳу анҳо: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: “Ибн Умму Мактум азон айтмагунича еб-ичаверингизлар, чунки ул тонг отиши арафасида азон айтгайдир” деганлар. Бу ҳадиси шарифга кўра, саҳарлик нонуштасини, айрим кишилар ифода этганидек, ярим тунда тугатиш эмас, балки, тонг арафасигача еб-ичиш мумкин эканлигига амал қилишимиз муборак суннатга мувофиқ экан.

Ифторликнинг вақти эса кун ботиши билан бошланиши ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар мавжуд. Имом ал-Бухорий Саҳл ибн Саъддан қуйидаги ҳадисни келтиради: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзадорлар қуёш ботиши билан бир пайтда оғиз очсалар, доимо яхшилик кўргайдирлар”, - дедилар.

Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан эса иккинчи бир ҳадис бундай ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эдик, у зот бир кишига: “Туш, менга талқон қориб кел”, дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули! Қуёш нури ҳали турибди-ку?!” деди. У зот: “Туш, менга талқон қориб кел” дедилар. У яна: “Эй Аллоҳнинг Расули! Қуёш нури ҳали турибди-ку?!” деди. У зот яна: “Туш, менга талқон қориб кел” дедилар. У тушиб, у зотга талқон қориб келди. У зот уни ичдилар. Кейин қўллари билан анави ёққа (кунчиқар томонга) ишора қилиб: “Туннинг мана бу томондан кирганини кўрсангиз, демак, рўзадорнинг ифтор вақти бўлибди”, дедилар”.

Ушбу манбалардан кўриниб турибдики, айрим кишилар таомилимиздаги урф-одат, дея, ифторлик вақтини қуёш ботгач ҳам ортга суришлиги ноўрин экан. Балки, саҳарлик ва ифторлик вақтига қатъий риоя этишликда муқаддас суннатга амал қилишлик энг тўғри йўлдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло ҳаммамиздан рози бўлсин!
Муборак Рамазон ойи шарофати билан бошимизда турган мушкулотларни Ўзи тезда бартараф этсин!

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом
академияси мустақил тадқиқотчиси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рамазон сабоқлари: саҳарлик ва ифторлик вақтига қандай риоя этилиши кераклиги ҳақида