19:43 / 31.05.2020
4 140

Лондонда костюм-шим бизнесини йўлга қўйган Элбек Алиев билан суҳбат

Лондонда костюм-шим бизнесини йўлга қўйган Элбек Алиев билан суҳбат
VivaldiPro бренди асосчиси ва раҳбари Элбек Алиев
Муваффақиятли юриб кетган битта бизнесга эрта босқичларда ёпилиб кетган ўнлаб компаниялар тўғри келади. Тадбиркор бўлишни ҳамма ҳам истайди, аммо муваффақиятли бизнес қуриш, шубҳасиз, кишидан муайян қобилиятларни талаб қилади.

Кишида бизнесменлик қобилияти бўлса, у нафақат ўз мамлакатида, балки хорижда ҳам ўз йўналишида ўз ўрнига эга тадбиркор сифатида иш юритиб кета олади. Бунинг тасдиғини Лондонда костюм-шим бизнеси билан шуғулланаётган андижонлик Элбек Алиев мисолида ҳам кўриш мумкин.

Kun.uz ижодий жамоаси Буюк Британияга сафаридан тайёрлаган навбатдаги мақолада VivaldiPro бренди асосчиси ва раҳбари, 36 ёшли Элбек Алиев билан танишамиз.

«Бир кун келиб костюм-шим тикиш билан шуғулланаман, деб ҳеч ўйламагандим»
Элбек Алиев даставвал фармацевт бўлишни орзу қилган, шу мақсадда 18 ёшида Тошкент фармацевтика институтига ўқишга киради. 2002-2006 йилларда провизор касбини эгаллаш учун ушбу институтда таҳсил олгач, 2006 йилда инглиз тилини ўрганиш учун 6 ойлик курс билан Лондонга келади.

«Келишимнинг сабаби – Тошкентда чет элнинг кўплаб фавмацевтика компаниялари бор эди ва агар инглиз тилини билсангиз, уларга ишга кириш осон эди. Менинг орзум – GlaxoSmithKline`да ишлаш эди».

Шундан сўнг ҳамюртимизда Англияда магистратура босқичида ўқиш мақсади пайдо бўлади. Аммо контракт тўлови – 13 минг фунт учун маблағи йўқлиги сабаб, ишлашига тўғри келади.

«Ўша пайтда, Fabric Warehouse деган парда тикадиган фабрикага ишга кирганмиз. Ўша ерга ишга кириб, тикишни ўргана бошлаганман. Бўлмаса, умримда тикувчи бўламан деб ўйламаганман, бунгача бирон нарса тикишни ҳам билмасдим.

Ўша фабрикада Жеймс Уэбб деган одам футболчиларга костюм-шим тикарди. Биз ҳам ўрганиб, унинг костюм-шимларини биз қилишни бошлаганмиз. Костюм-шимларни биз тайёрлардик, у ўз маркасини қўйиб сотарди. Шу орқали мана шу бизнесга ўтиб кетдим.

Худо берса, ҳаракатингиз бўлса, шундай бўларкан, йўқ жойдан ҳам қандай қилиб бўлса ҳам бошқа соҳага ўтиб кетар экансиз. Умримда ҳеч қачон костюм-шим тикаман деб ўйламаганман», – дейди у.

Мустақил бизнесга ўтиш
Элбек Алиев 2008-2012 йилларда меҳнат фаолиятини олиб бориш билан бирга Вестминстер университетининг IELTS курсини тамомлаган, Тижорий менежмент институти (Institute of Commercial Management)дан бизнес йўналишида диплом олган.

У ўша йилларда Dappers тармоғининг Лондон яқинида, Темза дарёси бўйида жойлашган Санбери туманидаги (Sunbury-on-Thames) савдо офисига менежер сифатида ишга киради. 2015 йилда эса компаниядан мазкур дўконни сотиб олиб, VivaldiPro бренди остида костюм-шимлар тика бошлайди.

Ҳозирда компания эркаклар костюм-шимидан ташқари, аёллар либослари тикиш-тайёрлаш билан ҳам шуғулланади, кимёвий тозалаш хизматларини ҳам кўрсатади. Элбек Алиев 50дан ортиқ ходимдан таркиб топган жамоага раҳбарлик қилмоқда.

«Жон Терри – доимий мижозларимиздан»
Ҳамюртимизнинг айтишича, компанияси мижозлари орасида кўплаб таниқли шахслар, хусусан спортчилар бор.
У мисол сифатида инглиз футболи юлдузлари Жон Терри ва Стивен Жеррардни келтириб ўтди.

«Жон Терри – доимий мижозларимиздан. Унинг оиласи ҳам бизнинг хизматларимиздан фойдаланади.
«Ливерпуль»нинг собиқ сардори Стивен Жеррард ҳам бор. Икки ойча олдин Голливуд актёри Жейсон Стетҳэмга костюм-шим тайёрлаб бердик. Кеча The X Factor мусиқий танлови финалчиси Трейси Лиан Жеффорд келганди.

Мижозларимиз орасида футболчилар, регбичилар ва умуман спортчилар ёки сиёсатчилар ҳам талайгина. Икки ҳафтача олдин парламент аъзоси Мистер Куартенгга костюм-шим тайёрлаб бердик».

«Мижозга ҳеч қачон йўқ демаймиз»
Элбек Алиев мижозлар билан ишлаш масаласига қандай ёндашиши ҳақида гапириб берди.
«Мижозга ҳеч қачон йўқ демаймиз. Йўқ, қила олмаймиз, демайсизлар, деб ҳамма ходимларга айтганмиз. Мижоз келиб, бирон нарсани қилиб бера оласанми, деса, қилиб бера олмасак ҳам ҳа деймиз. Сўнг жамоа билан биргаликда буни бажаришга ҳаракат қиламиз.

Менимча, шу жиҳат туфайли бошқалардан ажралиб чиқдик, анча узоқ жойлардан бўлса ҳам мижозлар келишяпти. Бир мижоз ўз ортидан бир нечта мижозни олиб келиши, яъни инглизчада «word of mouse» – оғиздан оғизга ўтиш – биз учун энг асосий реклама, деб ўйлайман».

Элит костюм-шимлар нархлари ҳақида
Элбек Алиевнинг айтишича, костюм-шим бизнесида асосий учта сервис қуйидагилар:
– стандарт ўлчамлардаги тайёр костюм-шимлар тикиш;
– тайёр тикилган костюм-шимни мижозга мослаштириб бериш;
– буюртма асосида алоҳида мижозга алоҳида костюм-шим тикиш (bespoke).

Нархлар ҳам юқоридаги тартибда ўсиб боради.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, буюртма асосида битта костюм-шим тикишга 65 соатдан ортиқ вақт кетади.

«Бу дегани тинимсиз ишлаганда ҳам, бир ҳафта давомида тикасиз», – дейди у.
Маълум бўлишича, Англияда сифатли костюм-шим буюртирмоқчи бўлсангиз, бу 2-4 минг фунтга тушади.

«Лекин нарх ундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Бунда материалига қаралади. Бизда кашемир деган материал бор, у энг қимматлардан ҳисобланади. Сабаби – у энг мустаҳкам, шу билан бирга энг енгил материалдир.

Кашемирдан тайёрланган костюм эгнингизда турганини деярли ҳис этмайсиз, чунки жуда ҳам енгил бўлади. Шунингдек, қаттиқлиги учун унча-мунчага букилавермайди ва жуда ҳам чиройли туради.

Шунақа мижозлар ҳам бор, ўзлари нима хоҳлашаётганини яхши билишади: менга шунақа материалдан топиб берасан, дейишади. У материалнинг ўзи бир метри 200-300 доллар атрофида туради. Битта костюм-шимга камида 6-7 метр материал керак бўлади», – дейди мутахассис.

«Нозиктаъб мижозлар жуда кўп»
Элбек Алиев мижозлар нимани танлаши бўйича ўз кузатишлари ва хулосалари билан ўртоқлашди.

«Буюртма асосида костюм-шим тикиш жуда қимматга тушади, лекин буни жуда кўпчилик хоҳлайди. Сабаби, инсон ўзи хоҳлаган нарсага эга бўлгиси келар экан, қиммат маҳсулотни хоҳлашар экан. Мижоз олаётган маҳсулотининг айнан ўзи хоҳлагандек бўлишини жуда истаркан.

Шу нарсани кузатиб, бу ерда қандайдир психологик механизм бор, деб ўйладим».

Унинг айтишича, келган мижозга вақтдан ютиш учун алоҳида костюм-шим тиктирмай, тайёр костюм-шимни унга мослаб бериш таклиф этилса, кўпинча мижозлар бунга кўнмайди.

«Тўғриси, ишимиз жуда ҳам кўп. Шунинг учун мижозга тайёр маҳсулотни қилиб беришга ҳаракат қиламан, шунда бир мижоз учун 65 соатлаб вақтимиз кетмайди. Лекин жуда ҳам кўп мижозлар ўзи хоҳлагандай бўлишини талаб қилади. Ваҳоланки, буюртма асосида тикиш бундан беш баравар қиммат.

Масалан, тайёр костюм-шим 400 фунт бўлса, буюртма асосида тикиш 2000-3000 фунтга тушади. Лекин улар ўзлари хоҳлагандай костюм кийишни хоҳлашар экан.

Одам қанча юқори табақада бўлса, шунча инжиқ бўларкан. Ўзи истаган нарсани қилдиргиси келаркан.
Шунинг ҳисобига бошқалардан ажралиб чиқдик – улар истаган маҳсулотларни тайёрлаб беряпмиз.

Мижозлар келишяпти: «Костюмнинг астарида оиламнинг расми бўлсин», дейди. Қилиб берамиз. «Костюм-шимда исмим ёзилган бўлсин», «Костюмнинг тугмачаси бошқача рангда бўлсин», «Костюм-шимнинг мана бу жойида мана бу нарса бўлсин»... Бу нарсаларга биз ҳеч қачон йўқ демаймиз».

Ва бошқа мавзулар
Суҳбат давомида ҳамюртимиз дунёдаги энг тез юрувчи автомобиллардан бири – Bentley Continental Supersports`ни Жон Террининг акасидан сотиб олгани, Ўзбекистон бозорига кириш режалари ва сифатли костюм-шимни сифатсизидан қандай ажратиш мумкинлиги ҳақида ҳам сўзлаб берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Лондонда костюм-шим бизнесини йўлга қўйган Элбек Алиев билан суҳбат