Фото: Принцесса Раҳматова архивидан
Принцесса Раҳматова Кенияда туғилган, Бухорода катта бўлган ва ҳозир Тошкентда фаолият олиб бормоқда. «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев ажабтовур тақдирга эга, бугунги кунда ўзбек шоу-бизнесида ўз ўрнини топишга интилаётган ёш модель ва актриса билан суҳбатлашди.
«Бухородаги мактабда энг ёмон ўқийдиган қиз эдим»
2002 йили Кенияда дунёга келганман. Ойим Гуландом Раҳматова бухоролик, таржимон ва дипломат. Дадам Иброҳим Рурумеш билан АҚШда танишиб, бир-бирини ёқтириб қолишган. Бу никоҳдан акам Профсор ва мен туғилганман. Акам 23 ёшда, профессионал боксчи. Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашган, ғолиб ва совриндор бўлган. Ҳозир мураббийлик билан шуғулланади, лекин рингга чиқиш ва беллашувлар ўтказишни ҳам тарк этгани йўқ.
Фото: Принцесса ойиси Гуландом Раҳматова ва акаси Профсор Рурумеш билан. Принцесса Раҳматова архивидан
Дадам бундан икки йил аввал муваффақиятсиз операция туфайли вафот этди. Кенияда яна ўгай опам ва акам, холаларим ҳам қолган. Шу йил уларни кўргани бориб келмоқчиман.
Бухородаги мактабда энг ёмон ўқийдиган қиз эдим, чунки тилни яхши билмасдим. Мактабни тугатиб, туризм коллежига ўқишга кирдим. Ошпазлик касбини эгаллаганман. Мақтаниш бўлмасин, лекин ўзбек, араб ва Европа таомларини яхшигина тайёрлаш қўлимдан келади.
«Моделлик касбини ёқтирмайдиганлар кўп»
Бухорода яшаётган пайтимиз модель сифатида ўзимни синаб кўришни таклиф қилишганида дастлаб чўчиган эдим. Ойим қўллаб-қувватладилар ва ёрдам бердилар. Шундан сўнг модель сифатидаги фаолиятимни бошладим ва хато қилмадим деб ўйлайман.
Фото: Принцесса Раҳматова архивидан
Бу ишнинг мураккаб томонлари бисёр: доим беками-кўст кўринишда бўлишинг керак, жозиба муҳим, ўзига бўлган ишонч эса ундан ҳам. Афсуски, касбимизни ёқтирмайдиган, уни маҳаллий менталитетга тўғри келмайди деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўп.
Фото: Принцесса Раҳматова архивидан
Моделлик ортидан жуда катта пул ишлаб топса бўлади дейдиганлар адашади. Оилам билан Тошкентга кўчиб келдик, ижарада турамиз, баъзан иш бўлиб-бўлмасди. Шу сабаб ресторанга ишга кирдим, менежерлик билан шуғулландим. Лекин бу узоққа чўзилмади: ҳам тасвирга олишлар, ҳам иш, силлам қуриб қолди. Шундай пайтлар бошқа соҳани танлаш ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўргандим.
Фото: Принцесса Раҳматова архивидан
Худога шукр, кейинчалик ҳаммаси изга тушиб кетди. Ҳозир Принцесса Раҳматова деган модель борлигини билишади. Кўп дизайнерлар ва брендлар билан ишлаяпман. Нафақат Ўзбекистон, балки хориждан ҳам таклифлар тушяпти. Яқинда Тожикистонда ўтказилган модалар намойишида бўлиб қайтдим, эрта-индин Туркияга йўл оламан. Қолаверса, бошловчи моделларга устозлик ҳам қиляпман.
Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов
Ўзбек миллий либосларини жуда ёқтираман ва тез-тез уларда турли кўринишларда намоён бўламан. Асли ҳашаматли ва ялтироқ нарсаларга унчалик хушим бўлмаса ҳам, бу либосларда ўзимни худди маликадек ҳис этаман. Бежиз исмим ҳам ўзбекчага ўгирганда Малика эмасми ахир! Уларни кийсам, ярашишини ҳам кўпчилик айтган.
«Фильмларда суратга тушишни бошладим»
Режиссёрлардан бири кўриб ва кузатиб, «актёрлик қобилиятинг бор экан, бу йўналишда ҳам уриниб кўргин» деб таклиф берди. Синовлардан муваффақиятли ўтдим ва суратга тушишни бошладим. Мен иштирок этган The best shef лойиҳаси «Менинг юртим» телеканалида намойиш этилмоқда.
Фото: Принцесса Раҳматова архивидан
Иштирокимдаги яна бир лойиҳа — «Ҳеллo, ойижон» фильми хорижлик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳа бўлиб, ҳозир якунига етиш арафасида. Кино ва телевидение борасида яна шундай таклифлар бўлса, бажонидил қабул қиламан, чунки бу йўналиш ҳам менга яқин. Фаолиятини модель сифатида бошлаб, кейин машҳур актрисага айланганлар кўп-ку, тўғрими?
Фото: Принцесса Раҳматова архивидан
«Бугун билан яшашни афзал кўраман»
Келажак ҳақида узоқ ўй суриб ўтиришдан кўра, бугун билан яшашни афзал кўраман. Яратганнинг ўзи тўғри ва мен учун мақбул йўлга йўллайди дея ишонаман.
Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов
Ўзбеклардан ҳам, бошқа миллат вакилларидан ҳам дўстларим кўп. Тошкентда кениялик йигит-қизлар билан учрашиб турамиз. Турли соҳаларда ишлашади. Спортчилар, ўқитувчилар, ҳатто барменлар ҳам бор.
Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов
Улар билан кўришган пайтим томиримда нафақат ўзбек, балки африкалик қони ҳам оқаётганини ҳис этаман, пешонамга шундай ажабтовур тақдир битилганига шукр қиламан... “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда