Фото: Президент матбуот хизмати
Будапештдаги “Кармелита” саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан тор доирада икки томонлама музокара ўтказдилар. Суҳбатда Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти дўст Венгрия етакчисига ташриф давомида кўрсатилган самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Виктор Орбаннинг 2021 йил мартда юртимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувлар Ўзбекистон-Венгрия муносабатларида янги саҳифа очгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, самарали сиёсий мулоқот ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш қарийб 3 баробар ошгани, уни янада кўпайтириш учун барча имкониятлар ва омиллар мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон Евроиттифоқнинг «GSP+» аъзоси мақомига эга экани ҳам бунга хизмат қилади.
Томонлар ўзаро имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватлар яратиш ва шу орқали МДҲ, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишга интилади.
Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ҳамда илмий тадқиқотлар ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Икки мамлакат етакчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Халқаро тузилмалар, шу жумладан БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.
Венгрия бош вазири жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбаннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Етакчилар Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани чинакам тарихий воқеа бўлгани ҳамда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ривожига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъкидладилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар кўпайганини қайд этди. Томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 миллион долларга етказиш режасини рўёбга чиқаришга келишиб олдилар.
Виктор Орбан Венгрия Ўзбекистонни ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори деб ҳисоблашини таъкидлади. Ушбу ташрифнинг бой дастури ҳам ўзаро мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилиш қатъийлигидан далолат беради.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Шу мақсадда ҳукуматларга устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузиш топширилди.
Шу билан бир қаторда бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади, имкониятлар максимал даражада ишга солинади, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари қамраб олинади.
Томонлар яқинда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлари, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани натижадор ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.
Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди