Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Yandex Go такси агрегатори бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган норозиликларга муносабат билдирди.
Қўмитанинг маълум қилишича, жорий йилнинг сентябр ойида Ўзбекистондаги Yandex Go сервисига эгалик қилувчи Ridetech International B.V. компаниясига (Нидерландияда рўйхатдан ўтган) 2 ой муддатда ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар қўйилган:
- Фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаш;
- Солиқ органлари ахборот тизими билан интеграциялашувни таъминлаш ва мижозларга автоматик шакллантириладиган фискал чек тақдим этиш.
Қайд этилишича, юқоридаги талабларни бажариш учун 2023 йил 1 декабргача муҳлат берилган.
Акс ҳолда, Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлигига Yandex.Go компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида агрегатор сифатида фойдаланиб келинаётган электрон платформадан фойдаланишни блоклаш бўйича расмий мурожаат қилишини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг кўплаб катта шаҳарларидаги такси агрегаторлари бозорида устун мавқега эга Yandex Go Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмагани, шу сабабли солиқ тўламаслиги, мижозларига фискал чек бермаслиги ва бошқа ҳолатлар бир неча бор жамоатчилик фаоллари томонидан муҳокама қилинган эди.
"Yandex.Go Ўзбекистонда одатдагидек ишламоқда ва шундай давом этади. Биз Солиқ қўмитаси билан маҳаллийлаштириш мавзусида мулоқот олиб боряпмиз ва бозор амалиёти устида ҳамкорликда ишлаяпмиз.
Такси онлайн буюртма бериш хизматларида фискал тушумлар бозор учун кўп меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Биз мамлакатда Давлат солиқ қўмитаси билан бу борада ҳамкорликни бошлаган биринчи платформамиз", дейилади расмий муносабатда.
Солиқ қўмитаси 2023 йил март ойида берган изоҳида сервисга эгалик қилувчи Ridetech International Нидерландияда рўйхатдан ўтгани, Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида эса даромадларга икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида шартнома борлигини маълум қилганди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг