Ўзбекистон Марказий банки октябрь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,4 фоизни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри — 17,2 фоиз ва Тошкент вилоятида — 14,2 фоиз, энг паст даражаси Навоий вилояти — 11,5 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида — 11 фоиз сезилган.
Октябрь ойида тадбиркорлар томонидан сезилган инфляция даражаси ўртача 14,1 фоизни ташкил этган. Республика бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд — 17,3 фоиз ва Андижонда — 15,8 фоиз, энг паст кўрсаткич Наманган — 12,2 фоиз ва Қашқадарёда — 12,4 фоиз кузатилган.
Соҳалар кесимида аҳоли томонидан энг юқори сезилган инфляция даражаси ОАВ (15,8 фоиз) ва савдо (15,6 фоиз) соҳаларида, энг паст сезилган инфляция ташиш хизматлари (11,5 фоиз) соҳасида қайд этилган.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан энг юқори сезилган инфляция даражаси маркетинг (17,5 фоиз) ва ташиш хизматларида (15,6 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич қишлоқ хўжалиги (12,5 фоиз) ва соғлиқни сақлаш (12,8 фоиз) соҳаларида сезилган.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг октябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1 фоизга ошгани тўғрисида хабар берилганди. Марказий банк 2023 йил якуни бўйича инфляция даражаси 8,5–9,5 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилганди. 2022 йилда йиллик инфляция 12,3 фоизни ташкил этган. 2021 йилда бу кўрсаткич 9,98 фоиз, 2020 йилда 11,1 фоиз, 2019 йилда 15,2 фоиз, 2018 йилда 14,3 фоиз, 2017 йилда 14,4 фоиз бўлган.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг