09:26 / 15.02.2024
94

Энди тадбиркорларга имтиёз беришда рейтингига қараладими?

Энди тадбиркорларга имтиёз беришда рейтингига қараладими?
13 феврал куни тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда уни аниқлаш мезонлари билан таништириш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхона вакиллари иштирокида навбатдаги семинар бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган тадбиркорлардан бири: “Президентнинг 2023 йилги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларида эндиликда тадбиркорлик субъектлари учун субсидия ва имтиёзлар фақатгина рейтинг асосида ажратилади дейилган экан, бундан кейинги имтиёзларни биз фақат рейтинг асосида оламизми?” дея савол берди.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, тадбиркорларга аввалдан норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан берилган имтиёзлар ҳам рейтингга боғланади.

Ҳар хил соҳаларга берилган имтиёзлар натижасида умумий тизим шаклланмаяпти. Биз деҳқон оёққа турсин деяпмиз-да, ҚҚСни бекор қиляпмиз. Чорвачилик билан шуғулланадиганлар 100 гектар ер оляпти-да, 1 литр сутни реализация қилмаяпти. Лекин ер нега берилган – озуқа базасини шакллантириш учун. Ҳар хил имтиёзлар шаклланган, шу сабабли бир жойга йиғиб туриб, 568 мингта тадбиркорлик субъекти бўлса, бир-бири билан боғланадиган преференция бўлса, ҳаммани тенг ҳолатга олиб чиқади”, – деди Ваҳобов.

Унинг сўзларига кўра, юқори рейтингга эга тадбиркорлар оладиган имтиёзлар барча соҳадаги субъектларга ҳам керак бўлавермаслиги мумкин, лекин улар юқори рейтинг натижасида бошқа қулайликлардан фойдалана олади.

Солиқ қўмитаси айнан савдо хизматларига қандай рейтинг жорий қилади? ААА рейтингига чиққанда сизга ҚҚС қайтиши шарт эмас, менга нима керак рейтинг дейдиган бўлсангиз, сиз солиқларни, ишчиларнинг ойлигини ўз вақтида тўласангиз, ААА рейтингида юрасиз ва бу эшигингиздан солиқчи ҳужжатсиз кира олмайди дегани.

Олдинги йиғилишда лизинг компанияси қурилиш соҳасига таклиф берди. Имтиёзли кредитларни рейтинги юқори тадбиркорларга беринглар, деди. Тарихи яхши, ҳисоботлари яхши, ўз вақтида кредитини тўлаган бўлса, гаров таъминотини сўраб, 21 фоиз эмас, 18 фоизда беринг, [деди]. Шунга ўхшаб аста-секин ҳамма нарсани боғлаймиз. Бора-бора суд тизими ҳам интеграция қилинади. Сиз кимгадир маҳсулотингизни сотаётган бўлсангиз, у 3-4 марта иқтисодий судда кимдир билан судлашиб юрган бўлса, сиз ундан эҳтиёт бўласиз
”, – деди Даврон Ваҳобов.

Айтиш керакки, “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги 39-сонли президент қарорида юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари учун шу пайтгача амалда бўлмаган рағбатлантиришлар берилиши белгиланган.

Агар Ваҳобовнинг жавобидан келиб чиқилса, янги имтиёзлардан ташқари, шу пайтгача қонун ва қарорлар билан тадбиркорларга берилган ва амалдаги имтиёзлар ҳам энди рейтинги юқори субъектларга берилади. Паст рейтинг кўрсаткичига эга тадбиркорлар эса нафақат янги имтиёзлардан, балки амалдаги енгилликлардан ҳам фойдалана олмайди.

Kun.uz айни саволни Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитасига юборди.

Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 39-сонли президент қарорида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференцияларни тақдим қилишнинг янгиланган тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Демак, бу муддат апрел ойига тўғри келади. Янгиланган тартиб ишлаб чиқилгандан кейин, ҳужжатда қандай белгиланса, имтиёзлар шу тартибда қўлланади. Унгача тадбиркорлар ҳозирда қонун ва қарорлар билан берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиб келишади”, – деди қўмита матбуот котиби Дилдора Ҳошимова.

Савдо-саноат палатаси матбуот котиби ҳам шунга ўхшаш жавобни берди.

Бу янгиланган тартиб қандай бўлишини ҳали ҳеч ким билмайди, муҳокамада”, – дейилади палата изоҳида.

Барқарорлик рейтинги ҳақида

Президент қарорга кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилди.

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:
  • ААА, АА ва А тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
  • BBB, BB ва B тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
  • ССС, СС ва C тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
  • D тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.

Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.

Масъулларга кўра, агар тадбиркор А рейтинг оладиган бўлса, солиқ идоралари томонидан унга текширишлар ўтказилмайди. ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтариб берилади – амалдаги муддат эса 7 кундан 30 кунгача. ҚҚСдан бошқа солиқ турларидан ҳосил бўлган ортиқча солиқлар ҳам бир кунда қайтариб берилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Энди тадбиркорларга имтиёз беришда рейтингига қараладими?