
Alif финтех-компанияси асосчилари ўзининг янги лойиҳаси — Ayan Capital учун халқаро молия ташкилоти "Partners for Growth (PFG)"дан 25 миллион фунт стерлинг миқдорида инвестиция жалб қилди, деб kursiv.media хабар берди.
Ayan Capital экологик автомобилларни сотиб олиш учун ҳалол молия хизматини таклиф этади. Маблағни комиссиясиз ва қайси жойдан авто харид қилинишига қарамасдан тўғридан-тўғри олиш мумкин.
Шунингдек, компания яқинда Ayan Pay дастурини ишга туширди — у 12 ойгача уй таъмири, авто таъмир ва мебель харидлари учун фоизсиз молиялаштиришни таклиф этади.
Компания ўз молиялаштириш ҳажмини 2,2 баробарга оширган ва ҳеч қандай тўлов кечикишлари қайд этилмаган. Янгидан жалб қилинган маблағлар орқали технологияларни ривожлантириш, тезкор ўсиш ва катта мақсадларга эришиш — яъни 2025 йил охиригача £25 млн ва 2026 йилгача £100 млн молиялаштиришни режалаштирмоқда.
Ayan Capital ҳаммуассиси Абдулло Қурбонов шундай деди:
“PFG жамоасига ишонч ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдормиз. Бизнинг мақсадимиз — ҳалол молияни барча жиҳатдан — нарх, технология ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифати бўйича ҳамма учун оммабоп қилиш. Халол молия танлови мижоз учун қўшимча харажатларни англатмаслиги керак. Биз ҳали йўл бошидамиз, аммо молиявий тизимни барча учун очиқ қилишга қатъий қарор қилганмиз. Бу тизим нафақат ҳалол, балки рақобатбардош, қулай ва инновацион бўлади.”