date
views 136

Ўзбекистон ва Бурятия ўртасида янги ҳамкорлик эшиклари очилди

Ўзбекистон ва Бурятия ўртасида янги ҳамкорлик эшиклари очилди
Россиянинг Бурятия Республикасида Ўзбекистон билан икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида катта миқёсдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров, Бурятия ҳукумати раиси ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Амгалан Дармаев ҳамда бир қатор юқори даражали вакиллар иштирок этди.

Учрашувнинг бош мавзуси Ўзбекистон ва Бурятия ўртасида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларига бағишланди. Вазири Амгалан Дармаев Ўзбекистон бозори Бурятиялик фермерлар учун жуда истиқболли ва жозибали эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, чорвачилик, гўшт маҳсулотлари экспортини кўпайтириш борасида катта салоҳият мавжуд. Бу, ўз навбатида, Бурятия фермерлари учун қўшимча иқтисодий имкониятлар очади ва Қорақалпоғистон Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Бурятия билан савдо-иқтисодий муносабатларни янги даражага олиб чиқиш, жумладан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Бурятия ва ундан кейин Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаларига етказиб бериш ҳажмини ошириш, шунингдек, Бурятиядан Ўзбекистонга йирик ва майда шохли қорамоллар ҳамда отларни етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Ўтган йилнинг май ойида имзоланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бурятия ҳукумати ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми ҳамкорликнинг истиқболини белгилаб бергани, айниқса наслли чорвачилик соҳасида муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Бурятияга юқори сифатли мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ва бу жараённи тизимли равишда амалга ошириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада Ўзбекистон томони Бурятия ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларини қабул қилиш ва тарқатиш учун улгуржи тарқатиш марказини ташкил қилиш таклифини илгари сурди.

Таълим соҳасида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Тошкент ва Улан-Удэ шаҳарларидаги таълим муассасалари, мусиқа ва маданият мактаблари ўқувчиларининг ўзаро таълим алмашинуви ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш таклифлари билдирилди.

Учрашув якунида амалий қадамларни белгилаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилишига келишилди. Мазкур ишчи гуруҳ Ўзбекистонга Росселхознадзор вакиллари иштирокида йирик ва майда шохли қорамолларни етказиб беришни ташкил қилиш, Ўзбекистон маҳсулотларини Бурятия бозорига киритиш ва у ерда замонавий улгуржи тарқатиш марказини ташкил қилиш билан боғлиқ масалалар билан шуғулланадиган бўлди.

Бундай кенг қамровли ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги даражага кўтариб, халқлар фаровонлиги учун муҳим манфаатлар келтириши аниқ. Бу эса икки томонлама муносабатларнинг янада ривожланишига катта туртки бўлади.

Фото: "Дунё" АА
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон ва Бурятия ўртасида янги ҳамкорлик эшиклари очилди