“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти 2 сентябрдан бошлаб АИ-80 маркали автобензинни биржа орқали сотишни тўхтатгани ҳақида маълум қилди. Компания матбуот хизмати баёнотида таъкидланишича, бу қарор 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури доирасидаги Президент фармони ижроси билан бевосита боғлиқ.
Маълумотларга кўра, шу кундан эътиборан АИ-80 туридаги ёқилғи биржа савдоларига қўйилмайди. Аммо бунинг ўрнига, АИ-92 маркасидаги бензин ҳажмлари кескин кўпайтирилди. Агар аввал савдоларга 1000 тонна АИ-92 чиқарилган бўлса, ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 1720 тоннадан ошди. Компания ички бозор эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ҳажмларни янада кўпайтириш имконияти мавжудлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, август ойида тадбиркорлар томонидан сотиб олинган АИ-80 маркали бензин ҳажмлари сентябр ойида ҳам ўз эгаларига етказилиши кафолатланди. Бу етказиб бериш жараёнлари мажбуриятлар ва амалдаги қолдиқлар доирасида амалга оширилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай чоралар бозордаги талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш, аҳоли ҳамда бизнес субъектларини сифатли ёқилғи билан таъминлаш учун жорий этилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!