Россия иқтисодий ҳолати юзасидан ташвишли хабарлар келмоқда. Мутасаддилар фикрига кўра, мамлакат бюджети дастлаб режалаштирилганидан кўра юқорироқ дефицит билан якунланиши мумкин.
Сабаб сифатида ЯИМ ўсиши бўйича прогнозларнинг пасайиши қайд этилмоқда. Бу эса бюджет даромадлари базасини қисқартириб, давлат ресурсларини қўшимча сафарбар қилиш заруратини келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
«Интерфакс» ёзишича, 2025 йил якунига қадар Россия федерал бюджети ҳозирги режа қилинган 1,7 фоиз ЯИМдан ҳам юқори тақчиллик кўрсаткичига чиқиши мумкин. Журналистларга маълумот берган манба айтишича, бу хулоса бюджет лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида кун тартибига чиққан.
«Дефицит бўйича, биз баҳорда (жорий йилнинг - ИФ) кўриб чиқдик, у бироз ошди — 1,7% ЯИМ. Балки бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Назаримда, иқтисодиёт совуқлашмоқда, ўсиш суръатлари кутилганидан тезроқ пасайяпти. Балки у 1,7% дан юқори бўлади», — деди у.
Манбанинг қайд этишига кўра, ЯИМ ўсиши бўйича пастроқ кутилмалар сабабли бюджет даромадлари базаси қисқаради, бу эса ресурсларни сафардор қилиш заруратини келтириб чиқаради.
«Иқтисодиёт секинлашмоқда. Аввалроқ биз ўсиш суръатини 1,5% деб кутган бўлсак, ҳозир бу рақам 1,2% га тушди. Шунингдек, ресурс базаси ҳам қисқаради, шу боис жорий йилда ресурсларни сафардор қиламиз ва кейинги йил бюджетига шунга қараб тайёрлаймиз», — дея тушунтирди у.
Россия федерал бюджети дефицити 2025 йилнинг январь-июл ойларида, Молия вазирлиги дастлабки маълумотларига кўра, 4,879 триллион рублни ёки ЯИМнинг 2,2 фоизини ташкил этди ва йил учун прогноздан ошиб кетди.
Дастлаб, жорий йил учун бюджет тўғрисидаги қонунда 1,173 триллион рубл (ЯИМнинг 0,5%) миқдорида дефицит режалаштирилган эди. Бироқ баҳорда киритилган тузатишларга кўра, бу кўрсаткич 3,792 триллион рублгача (ЯИМнинг 1,7%) оширилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!