Ўзбекистонга хориждан келган пул миқдори маълум бўлди

Ўзбекистонга хориждан келган пул миқдори маълум бўлди

2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 15,2 млрд доллар маблағ келиб тушди. Шу даврда мамлакатдан хорижга 2 млрд доллар юборилган. Натижада пул ўтказмалари бўйича 13,2 млрд долларлик ижобий сальдо шаклланган. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистонда хорижий валютага бўлган жами талаб 50,4 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 17,9 фоиз кўп. Ички бозорда Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, хорижий валюта таклифи 43,8 млрд долларга етиб, бир йил ичида 25,3 фоизга ошган.

Юридик шахслар томонидан хорижий валютага талаб 15,3 фоизга, унинг таклифи эса 26,7 фоизга кўпайган.

Шунингдек, экспортдан тушган маблағларнинг 9,5 млрд доллари ёки 57,2 фоизи ички валюта бозорида сотилган. Бу ўтган йилнинг мос давридагидан 33 фоизга, яъни қарийб 2,4 млрд долларга кўп.

Аҳоли эса тижорат банкларига 18,9 млрд доллар миқдоридаги хорижий валютани сотган. Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойидаги 15,3 млрд долларга нисбатан 1,2 баравар юқори.

Марказий банк маълумотларига кўра, январь-сентябрь ойларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 11 765–12 320 сўм оралиғида ўзгарган. Сентябрь ойи якунида бир доллар 11 821 сўмни ташкил этган. Бу йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан сўмнинг 1,5 фоизга мустаҳкамланганини англатади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар