
Ўзбекистонда 2025-йилнинг илк 11 ойида валюта — сўм АҚШ долларига нисбатан сезиларли даражада мустаҳкамланди. Spot нашри Марказий банк маълумотларига таяниб хабар қилишича, ноябрь ойида доллар курсида кузатилган силжишлар миллий валюта учун муҳим бир бурилиш нуқтаси бўлди.
Қайд этилишича, ноябр ойи давомида сўм долларга нисбатан 122,92 сўмга, яъни 1,02 фоизга қиймат оширган ва расмий курс 11 902 сўмни ташкил этган. Ойнинг дастлабки ярмида валюта курси 12 минг сўмдан юқори турган бўлса, иккинчи ярмида валюта барқарор мустаҳкамланиб, 11 900 сўм атрофидан пастга тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилдан буён кузатилган энг паст даража сифатида қайд этилди.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида миллий валюта долларга нисбатан 7,88 фоизга мустаҳкамланиб, 1018 сўмдан ортиқ ошган. Ноябрь якунида тижорат банкларида доллар курси 11 900 сўм атрофида ва ундан паст даражада сақланиб қолди. Энг юқори харид нархи — 11 900 сўм Ҳамкорбанк, Миллий банк ва Trastbank томонидан таклиф қилинмоқда.

Долларнинг тушиши сабаблари
Марказий банк миллий валютанинг кучайишини валюта тушумларининг кескин ошиши билан боғламоқда. Хусусан, экспорт тушумлари, хорижий кредитлар, пул ўтказмалари, инвестициялар ва импортнинг барқарорлашуви валюта оқимини жадал оширган.
Январ–октябрь ойларида ўзбекистонликлар банкларга 17,4 миллиард доллар хорижий валюта сотган — бу ўтган йилга нисбатан 31,8 фоизга кўп. Аҳоли томонидан валюта сотиб олиш кўрсаткичи 24 фоизга ўсиб, 9,6 миллиард долларга етди. Натижада сотиш ва харид ўртасидаги фарқ 7,8 миллиард долларга тенг бўлди.
Шунингдек, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳам 25 фоизга ошиб, йил бошидан бери 15,8 миллиард долларга етган. Айниқса, июлдан октябргача ўтказмалар ойига 1,8–1,9 миллиард доллар даражасида барқарор сақланган.
2025 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 66,5 миллиард долларни ташкил қилди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 11,75 миллиард долларга ёки 21,5 фоизга кўпдир.
Сўмнинг мустаҳкамланиши мамлакатдаги инфляцион кутилмаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди — инфляцияга доир хавотирлар алмашув курси ўзгаришларидан икки баробардан ортиқ пасайди. Шу билан бирга, миллий валютага бўлган ишонч ошди ва сўмдаги пул массаси 2024-йилдаги 220,1 триллион сўмдан октябрь ойига келиб 282,3 триллион сўмгача кўтарилди.
Миллионлаб долларлик юкни енгиллаштирган яна бир омил — миллий валютанинг мустаҳкамланиши ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини камайтиргани. Бу давлат сарф-харажатларини 4,7 фоизга, бизнес юкини эса тахминан 5 фоизга қисқартирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.