Ўзбекистонда оммавий солиқ кешбеги бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда харид чеклари учун бериладиган 1 фоизли солиқ кешбегини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги институт оммавий тўловлар ўрнига манзилли қўллаб-қувватлаш чораларига ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда.
Мутахассислар фикрича, кешбэк механизми фуқароларни харид чеки талаб қилишга ўргатди. Бироқ ҳозирги босқичда у бюджет учун катта харажатга айланмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилга бориб кешбэк тўловлари учун сарфланадиган маблағ 1,8 трлн сўмга етиши мумкин. Бу мактабгача таълим муассасалари қурилиши учун ажратиладиган бюджетдан икки баравар кўп экани айтилмоқда.
Таклиф муаллифлари амалдаги тизим самарадорлиги пасайганини ҳам таъкидламоқда. Чунки бюджет маблағлари йирик савдо тармоқларидаги харидлар учун ҳам тўланяпти. Бу тармоқлар эса аллақачон қонуний ва очиқ ишлайди.
Яна бир муаммо, чекларни ҳақиқий савдосиз расмийлаштириш ҳолатлари билан боғлиқ. Айрим шахслар кешбэк олиш учун амалда маҳсулот сотилмаган бўлса ҳам чек чиқаргани аниқланган.
Онлайн назорат-касса машиналари ва товарларни маркировкалаш тизими кенгайгани сабаб солиқ назорати учун оммавий кешбэкка эҳтиёж камайгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, ислоҳот ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар учун ҚҚСни қайтариш тартибига таъсир қилмайди. Бу механизм ижтимоий ёрдам мақсадида ишлайди ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Кешбэк ўрнига умумий овқатланиш ва кичик чакана савдо каби хавф юқори бўлган соҳаларда давлат лотереяларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу бюджет харажатларини тахминан 20 баравар камайтириб, йилига 100 млрд сўм атрофида ушлаб туриши мумкин.



























Изоҳлар 0
…