Солиқ қўмитаси кешбэк бекор қилинмаслигини маълум қилди

Солиқ қўмитаси кешбэк бекор қилинмаслигини маълум қилди

Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда кешбэк тизими ҳақида тарқалаётган хабарлар юзасидан изоҳ берди. Қўмита маълумотига кўра, давлат томонидан жорий этилган кешбэк тизимини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини чеклаш мақсади йўқ.

05.04.2023 йилдаги ПҚ-113-сон қарорга асосан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар учун алоҳида имтиёзли тартиб белгиланган. Унга кўра, қўй, мол ва парранда гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ҳамда тиббий хизматлар хариди учун одатдаги 1 фоизли кешбэк ўрнига тўланган ҚҚСнинг тўлиқ миқдори қайтарилади.

Бироқ айрим фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ушбу механизмдан нотўғри фойдаланишга урингани айтилмоқда. Хусусан, сохта ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган фискал чекларни расмийлаштириш орқали ҚҚС суммаларини асоссиз қайтариб олиш ҳолатлари аниқланган.

Қўмита маълумотига кўра, май ойининг ўзида республика бўйича 389 та корхона чеклари орқали ҚҚСни қайтариб олмоқчи бўлган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги 248,5 минг нафар шахс шубҳали харидорлар реестрига киритилган. Натижада 83,1 млрд сўмлик кешбэк тўлови вақтинча тўхтатилган. Апрел ойида эса 122,1 минг нафар шахс бўйича 102,5 млрд сўмлик тўлов тўхтатилган.

Жорий йил апрель-май ойларида Навоий вилоятида 13 та МЧЖга тегишли онлайн назорат-касса машинаси чеклари орқали 105 524 нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 34,8 млрд сўмлик кешбэк тўлиқ ушлаб қолинган ва тўлаб берилмаган.

Фарғона вилоятида 5 та МЧЖ чеклари орқали 95 минг нафар фуқаро 38,3 млрд сўмлик кешбэкни рўйхатдан ўтказган. Шундан 3,9 млрд сўми тўловга тасдиқланган, 34,4 млрд сўми эса ушлаб қолинган.

Андижон вилоятида 100 458 нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 34,1 млрд сўмлик кешбэк суммасидан 5,8 млрд сўм тўловга тасдиқланган. 23,8 млрд сўмлик қисми ушлаб қолинган ва фуқароларга тўлаб берилмаган.

Солиқ қўмитасига кўра, аниқланган ҳолатлар кешбэк тизимининг ўзига эмас, балки ундан ноқонуний манфаат кўришга уринган айрим шахслар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли. Мақсад тизимни тўхтатиш эмас, балки унинг адолатли ва манзилли ишлашини таъминлашдир.

Қўмита фуқароларни «Солиқ» иловасида фақат ўзлари амалга оширган харидлар бўйича берилган чекларни рўйхатдан ўтказишга чақирди. Бошқа шахслар томонидан тақдим этилган чекларни рўйхатдан ўтказмаслик сўралди.

Сохта чекларни сотиш ёки харид қилиш ҳолатларига дуч келган фуқаролар Солиқ органларининг Комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бўлинмаларига мурожаат қилиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар