18:41 / 25.07.2018
5 096

Ўзбекистон аҳолиси ва бизнеси аста-секин «инфляцион умидсизликдан» чиқмоқда (Инфографика)

Ўзбекистон аҳолиси ва бизнеси аста-секин «инфляцион умидсизликдан» чиқмоқда (Инфографика)
2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида инфляцион кутилмалар бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра иқтисодиётда инфляциянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган ва кутилаётган даражаларида пасайиш тенденцияси шаклланганлиги кузатилди, дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Шунингдек, жорий йилнинг II чорагида давлат томонидан маъмурий тартибга солинадиган айрим товар ва хизматлар нархлари (тарифлари)нинг оширилиши ҳамда гўшт ва гуруч каби кундалик истеъмол товарларининг қимматлашиши мазкур даврда сезилган инфляция даражасининг пасайиш суръатининг январь-март ойларидаги кўрсаткичга нисбатан секинлашишига олиб келди.

Ўз навбатида, сезилган инфляция даражасининг пасайиш жисмоний ва юридик шахсларнинг келгусидаги инфляцион кутилмаларини шаклланишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Ўрганилган даврда қисқа муддатли истиқболдаги (1 ой) инфляцион кутилмалар индекси динамикасида пасайиш июнь ойигача давом этган бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда (12 ой) иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар II чорак давомида деярли ўзгаришсиз қолди.

Респондентлар фикрига кўра, узоқ муддатли инфляцион кутилмаларнинг нисбатан юқори даражада сақланиб қолишига келгуси 12 ойда иш ҳақи ошиши натижасида ялпи талабнинг янада ортиши ҳамда давлат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг кўтарилиши каби омиллар сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, сўровда иштирок этган экспертларнинг катта қисми иқтисодиётда узоқ муддатли инфляцион кутилма юқорилигини билдиришди.

Аҳоли томонидан сезилган қисқа муддатли инфляция индекси2 2017 йилнинг охирида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши таъсирида, жорий йилнинг январь ва февраль ойларида, юқори даражада қайд этилиб, 692 ва 619 га тенг бўлди. Яъни, респондентлар жавобларининг баланслаштирилган ўртачаси мазкур ойларда сезилган инфляция мос равишда улардан аввалги ойлардаги даражада бўлганини кўрсатди.

Март ойида сезилган инфляция индекси ўтган ойга нисбатан кескин (25 фоизга) пасайди.

Жорий йилнинг II чорагида электр энергияси ва табиий газ тўловлари оширилиши сезилган инфляция кўрсаткичига салбий таъсир кўрсатиб, индексни бироз кўтарилишига ва кейинги ойларда унинг пасайишини секинлашишига олиб келди. Март-июнь ойларини баланслашган индекслари мос равишда улардан аввалги ойларда аҳоли учун нархлар бироз ошгани сезилганлигини кўрсатди.

Сўровда иштирок этган аҳолининг охирги 12 ой давомида нархларнинг ўсиши ўртача 26 фоиздан юқори даражада бўлди деган қисми январь ойида 48 фоизни ташкил қилган бўлса, уларнинг улуши ойма-ой қисқариб бориб июнь ҳолатига 28 фоизга тенг бўлди. Ўз навбатида, нархларнинг ўсиши ўртача 16 фоиздан паст даражада бўлди деган қисми январь ойида 29 фоизни ташкил этиб, июнь ойига келиб 44 фоизгача кўтарилди.

Шу билан бирга, сўровда иштирок этган жисмоний шахслар “қайси асосий товар ва хизматларнинг нархи юқори даражада ошди” саволига I чорак давомида асосан озиқ-овқат маҳсулотларини: мол гўшти, қўй гўшти, олма, помидор ва бодрингни кўрсатган бўлсалар, II чорак давомида эса озиқ-овқат маҳсулотларидан – мол гўшти, қўй гўшти ва гуруч, ноозиқ-овқат товарлардан – цемент, хизматлардан – электр энергияси ва табиий газ таъминоти тарифларини белгилаганлар.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган қисқа муддатли ойлик инфляция даражаси, бензин ва қурилиш моллари нархлари ошиши ҳамда айрим тоифадаги ишлаб чиқарувчилар учун электр энергияси ва газ тўловлари учун янги тарифларнинг жорий этилиши натижасида, январ ойида аҳолиникидан бироз юқори даражада қайд этилиб, 704 га тенг бўлди.

Жорий йилнинг II чорагида ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодиётдаги юқори нархларга мослашиши кузатилди.

Хусусан, июнь ойига келиб юридик шахслар жавобларининг баланслашган индекси йил бошига нисбатан қарийб 2 баробарга пасайиб, июнь ойида 388 га тенг бўлди ва бу аввалги ойда нархлар ўзгармаган деган хулосани беради.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан охирги 12 ой давомида нархларнинг ўсиши ўртача 26 фоиздан юқори даражада бўлди деб ҳисоблаганлар улуши январь ойида 44 фоизга тенг бўлган бўлса, июнь ойига келиб уларнинг улуши 18 фоизга тушди. Ўз навбатида, нархларнинг ўсиши ўртача 16 фоиздан паст даражада бўлди деган қисми январь ойида 30 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ҳолатига 56 фоизни қайд этди.

Бу ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодиётда йиллик инфляция даражаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан босқичма босқич пасайиш тенденцияси шаклланиб бораётганлигини англатади.

Сўровда юридик шахслардан ишлаб чиқараётган маҳсулот ва кўрсатаётган хизматларини таннархи ошишига қайси омиллар юқори даражада таъсир кўрсатгани сўралганда I чоракда асосан бензин, табиий газ, хом ашёлар нархлари ошиши ва ўтган йилги доллар алмашуви курси ўзгаришини қайд этган бўлсалар, II чоракда асосан электр энергияси, хом ашёлар, табиий газ нархлари ва транспорт харажатлари ошганини билдириб, алмашув курси таъсирининг кескин пасайганлигини қайд этдилар.

Шунингдек, сўровда иштирок этган экспертларнинг 73 фоизи охирги ойда нархлар мўтадил бўлганлигини билдиришганлигига қарамасдан, уларнинг 91 фоизи йиллик сезилган инфляция даражаси 17 фоиздан юқори бўлганлигини эътироф этишди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгусидаги инфляцион кутилмалари индекслари динамикасида ҳам пасайиш тенденцияси кузатилди.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг январь ва февраль ойларида аҳоли ва юридик шахсларнинг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори бўлиб, март-июнь ойларида босқичма босқич пасайиб борди.

Хусусан, йил бошида аҳоли ва юридик шахсларнинг қисқа муддатли инфляцион кутилмалар индекси мос равишда 594 ва 566 га тенг бўлган бўлса, июнь ойи ҳолатига 386 ва 363 ни ташкил этди.

Ушбу ҳолат, жорий йилнинг II чорагига келиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмалари ижобийлашганини кўрсатиб, уларнинг аксарияти нархлар барқарор сақланиб қолишини кутганлигини англатади.

Бироқ, қисқа муддатли инфляцион кутилмалар пасайиб боришига қарамасдан, келгуси 12 ойлик кутилмалар нисбатан юқори даражада сақланиб қолган. Бу борада аҳолининг кутилмалари тадбиркорлик субъектлариникидан кўра сезиларли даражада юқори.

Жисмоний шахсларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари индекси жорий йил биринчи ярим йиллигида фақатгина март ва апрелда ойма-ой 10 ва 9 фоизга пасайган бўлса, кейинги ойларда деярли ўзгаришсиз сақланиб қолди.

“Келгуси 12 ой давомида нархлар айнан қанчага ошади” саволига аҳолининг 26 фоиздан юқори даражада ошади деган қисми январь ойида 27 фоизни ташкил қилган бўлса, июнь ҳолатига уларнинг улуши 14 фоизга тенг бўлди. Нархларнинг ўсиши ўртача 16 фоиздан паст даражада бўлади деган қисми январь ойида 43 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ойига келиб 55 фоизга тенг бўлди.

Ушбу саволга юридик шахсларнинг келгуси 12 ойда нархлар 26 фоиздан юқори даражада ошади деган қисми январда 22 фоиздан июнга келиб 9 фоизгача пасайди. Нархлар 16 фоиздан камроқ ошишини кутаётганлар улуши эса январь ойида 49 фоиздан июнда 72 фоизгача кўпайди. Бу ўз навбатида, юридик шахсларнинг узоқ муддатли инфляцион кутилмалари жисмоний шахсларникидан пастроқлигини англатади.

Шу билан бирга, қисқа муддатли кутилмалар бўйича экспертларнинг фикри ҳам аҳоли ва тадбиркорлик субъектлариникига мос бўлди. Аммо узоқ муддатли кутилмалар бўйича экспертларнинг катта қисми нархлар ошиш суръати ўтган 12 ой даражасида ёки ундан ҳам юқори бўлишини қайд этдилар.

Экспертлар келгусидаги инфляцияни ошишига таъсир этувчи асосий сабаблар сифатида имтиёзли кредитлар ҳажмининг тез суръатда ошиши ва уларнинг қайтарилиши бўйича муаммолар юзага келиши эҳтимоли юқорилиги, куз фаслида давлат томонидан маъмурий тартибга солинадиган товар ва хизматлар нархлари оширилиши кутилаётганлиги, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нисбатан секинлиги ҳамда товар бозорларида монополия даражаси юқорилиги каби омилларни келтирган.

Аҳолининг харид қобилиятини ўрганиш натижаларига кўра 2018 йилнинг биринчи ярмида уларнинг даромадлари ва нархлар ўртасидаги мутаносибликда жиддий ўзгаришлар кузатилмади. Ўрганилаётган давр мобайнида респондентларнинг аксарияти (65 фоиз атрофи) аввалги 12 ой давомида нархлар ошиши суръати даромадларникига нисбатан юқори даражада бўлганини қайд этди.

Мазкур даврда сўров иштирокчиларининг келгуси 12 ойда мамлакат иқтисодиёти ўзгариши бўйича фикрлари ижобий томонга ўзгариб борди.

Хусусан, йил бошида респондентларнинг 72 фоизи келгуси 12 ойда иқтисодиёт яхшиланишини кутган бўлса, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича уларнинг улуши 86 фоизга тенг бўлди.

Шунингдек, экспертларнинг аксарияти ҳам мамлакат иқтисодиётини келгуси 12 ой давомида яхшиланишини кутаётганликларини билдиришди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон аҳолиси ва бизнеси аста-секин «инфляцион умидсизликдан» чиқмоқда (Инфографика)