08:31 / 30.09.2018
4 097

Россия молия вазирлиги рубль қиймати 17 йилдан сўнг қандай бўлишини тахмин қилди

Россия молия вазирлиги рубль қиймати 17 йилдан сўнг қандай бўлишини тахмин қилди
Россия молия вазирлиги рубль қиймати 2035 йилга қадар қай тарзда ўзгариб бориши бўйича узоқ муддатли бюджет прогнозини берди. Давлат думасига киритилган ҳужжатга кўра, 2017–2020 йилларда 61,9 рубль бир долларга тенг бўлади.

Тахмин қилинишича, 2021–2025 йилларда бир доллар 66,4 рубль, 2026–2030 йилларда 71,1 рубль ва 2031–2035 йилларда 73,9 рублни ташкил этади.

Молия вазирлигининг таъкидлашича, бу номинал курс ҳисобланади. Вазирлик рублнинг реал курси барқарор бўлишини билдирмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда ҳам кейинги бир неча ой давомида пасайиб келган доллар курси сентябрь ойидан яна ўса бошлагани хабар қилинганди. 18 сентябрдан долларнинг сўмга нисбатан расмий курси роппа-роса 8 039 сўм бўлди ва бу олдинги ҳафтадаги курсга нисбатан 176 сўм 83 тийинга ўсишдир. Ўзбек сўми 2017 йил 5 сентябридан буён — мамлакатда валюта либерализацияси бошланганидан бери долларга нисбатан ҳали ҳеч бу қадар қадрсизланмаганди.

Марказий банк валюта алмашув курси динамикаси тўғрисида ахборот тақдим этди. Унда Ўзбекистонда долларнинг расмий курси кўтарилаётганига изоҳ берилди.

Изоҳга кўра, жорий йилнинг август ойидан бошлаб алмашув курси динамикасига ташқи омиллар, айниқса асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши (Россия – 19 фоиз, Қозоғистон – 17 фоиз, Хитой – 9 фоиз, Туркия – 56 фоиз) таъсири кучайган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу давлатлар валюталари курсларининг кескин ўзгариши сўм алмашув курсига бир ойдан уч ойгача бўлган муддатдан кейин ўз таъсирини кўрсатади.

Марказий банк 2018 йилнинг қолган ойлари сўм алмашув курсининг йил бошидаги даражасига нисбатан кескин ўзгариши кутилмаётганлигини билдирди.

Ўзбекистонда доллар курсининг ошиши ортидан кўплаб жойларда яна валютафурушлар пайдо бўлганлиги хабар қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Россия молия вазирлиги рубль қиймати 17 йилдан сўнг қандай бўлишини тахмин қилди