ФИФА ЖЧ-2026 да Конго ДР сафида ноқонуний дарвозабон ўйнашига кўз юмгани фош бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- FIFA, Конго ДР терма жамоаси дарвозабони Лионель Мпаси-Нзо саралаш ва ҳал қилувчи баҳсларда ноқонуний иштирок этганини билган ҳолда бунга кўз юмган.
- Ҳужжатлардаги сохталик ва рад этилган Нигерия шикояти сабабли, Мпаси-Нзо спорт фуқаролигини ўзгартириш жараёнини якунламаган ва зарур рухсатномаларга эга бўлмаган.
- FIFAнинг бу ҳаракацизлиги натижасида Конго ДР Ямайкани мағлуб этиб, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган.
Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) жаҳон чемпионати тарихидаги энг йирик ҳуқуқий можаролардан бирининг марказида қолди. Нуфузли The New York Times нашрининг суриштирувига кўра, ташкилот раҳбарияти ва юристлари Конго Демократик Республикаси терма жамоаси дарвозабони Лионель Мпаси-Нзо саралаш ва ҳал қилувчи баҳсларда қонунга хилоф равишда иштирок этганини билган ҳолда бунга кўз юмган.
Одатда терма жамоалар сафида ўйнаш ҳуқуқига эга бўлмаган футболчи майдонга тушса, қоидаларга мувофиқ жамоага тўғридан-тўғри техник мағлубият ёзилади. Бироқ ФИФА Конгога нисбатан ҳеч қандай санкция қўлламаган.
Ҳужжатлардаги сохталик ва рад этилган Нигерия шикояти
Францияда туғилиб, Франция ёшлар лигаларида тўп сурган ҳамда айни пайтда Лига 1да «Гавр» шарафини ҳимоя қилувчи Мпаси-Нзо билан боғлиқ муаммо спорт фуқаролигини ўзгартириш жараёни билан боғлиқ:
Фуқаролик жараёни якунланмаган: Мпаси-Нзо Франциядан спорт фуқаролигини Конго ДРга ўтказиш учун талаб қилинадиган расмий жараёнларни ниҳоясига етказмаган ва зарур рухсатномаларга эга бўлмаган;
Нигерия шикояти кўриб чиқилмади: Африка саралашида Нигерия Конго ДРга мағлуб бўлгач, ушбу дарвозабоннинг ноқонуний ўйнагани бўйича ФИФАга расман шикоят киритган эди. Бироқ халқаро ташкилот Нигериянинг қонуний даъвосини шунчаки «процессуал қоидабузарлик» деган баҳона билан рад этган;
ФИФА ва Инфантино раддияси: Мазкур суриштирувга жавобан ташкилот ўз қўмиталари мутлақо автоном эканини ҳамда ФИФА президенти Жанни Инфантино қарор қабул қилиш жараёнига асло аралашмаганини таъкидлади.
Ямайка билан финал ва Мундиал йўлланмаси
ФИФАнинг ушбу ҳаракатсизлиги натижасида ноқонуний посбон қитъалараро ҳал қилувчи плей-офф финалида ҳам майдонга тушган:
Ямайканинг аламли мағлубияти: Қитъалараро плей-оффнинг ҳал қилувчи баҳсида Конго ДР Ямайкани қўшимча бўлимларда 1:0 ҳисобида таслим этиб, Жаҳон чемпионати чиптасига эга бўлди. Ички ҳужжатлар бу баҳсда ҳам Мпаси-Нзонинг майдонга тушиш ҳуқуқи йўқлигини кўрсатса-да, яна ҳеч қандай чора кўрилмади;
Техник мағлубият нега берилмади: Қоидалар тўлиқ ишлатилганида, Конго ДР саралашдаёқ мусобақадан чиқариб юборилиши ва Ямайка ёки Нигерия Мундиалга бориши керак эди.
Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон билан тўқнашув ва Шомуродовнинг суперголи
Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олган Конго Демократик Республикаси турнир давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олди:
3-турдаги тўқнашув: Гуруҳ босқичининг 3-турида конголиклар Ўзбекистон устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди;
Шомуродов урган супергол: Ўша учрашувда айнан можаролар марказидаги Лионель Мпаси-Нзо Конго дарвозасини қўриқлаган ва Элдор Шомуродов томонидан йўлланган чиройли суперголни ўтказиб юборган эди;
Плей-офф ва Англия тўсиғи: Ушбу ғалаба Конго ДРга гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, 1/16 финалга чиқиш имконини берди. Бироқ плей-офф босқичида улар Англияга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.
The New York Times томонидан эълон қилинган мазкур далиллар ФИФАнинг адолат ва тенглик тамойилларига жиддий соя солмоқда ҳамда жаҳон футболи раҳбариятидан расмий ва очиқ изоҳ талаб қилмоқда.































Изоҳлар 0
…