
Бу мавзу юзасидан сайтимизда бир муддат олдин қисқа маълумот бериб ўтган эдик. Шундан сўнг ҳам ижтимоий тармоқларда бу масала бўйича тортишувлар давом этгани, янги саволлар туғилгани учун мавзуни кенгроқ ёритишга ва саволга атрофлича жавоб беришга ҳаракат қилдик.
Мақола 19 декабрь куни «Тараққиёт» стратегияси марказида «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти ва етакчи мутахассислари иштирокида «2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар» мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбари Улуғбек Мустафоев берган маълумотлар асосида тайёрланди.
Нега электр таъминотидаги узилишлар мунтазам кузатилмоқда?
Электр таъминотидаги узилишлар кузатилаётганини тан оламиз ва буни бартараф этиш устида мунтазам ишлаяпмиз. Лекин электр энергияси шундай бир маҳсулотки, уни сақлаб туриб бўлмайди. Электростанцияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси дарҳол тармоқлар орқали истеъмолчиларга етказилиши лозим. Диққат қилинг: электр энергияси йилнинг қайси даврида ва куннинг қайси пайтларида кўп узилади?
Албатта совуқ кунларда, эрталаб ва кечки пайтда.
Совуқ кунлар тушиши билан ҳамма иситиш мосламаларини тармоққа улайди, бу мосламалар электр энергиясини бошқа маиший техникаларга нисбатан бир неча карра кўп сарфлайди. Шунингдек, кечки пайт, барча ишдан келганда ҳамма чироқлар ёқилади, телевизорлар қўйилади, овқат пиширилади, кир ювилади... Кун давомида ишлатилмаган электр энергияси қисқа вақт ичида кўп ишлатилади. Ахир у тармоқдан бир хил миқдорда етказиб берилмоқдаку, уни сақлаб туриб, маълум муддатдан кейин бериш иложи йўқ.
Айтайлик, ишлаб чиқариш қувватига қараб бир оилага кунига 10 киловатт лимит берилган. Уни кун давомида сарфласа етади. Лекин ҳамма бир пайтда катта ҳажмда ишлатса, тармоқ дош бера олмаслиги мумкин. Линияларнинг 67 фоизи, трансформаторларнинг 57 фоизи эскирган. Шунақа пайт мажбурий ўчиришга тўғри келади ёки авария юз беради.
Шунинг учун келгусида ҳисоб-китоб тизимида янгиликларни жорий қилмоқдамиз. Улардан бири тиғиз бўлмаган пайтларда ишлатилган электр энергияси учун арзонроқ ҳақ тўланади».
Хориждан импорт қилиб, ички бозорда сотиш фойда келтирар экан, импорт ҳажмини кўпайтириш мумкин эмасми? Ҳам аҳоли таъминланади, ҳам жамият фойда кўради.
«Албатта, аҳоли учун фарқи йўқ, импорт қилинган электр энергияси учун ҳам, ўзимизда ишлаб чиқарилгани учун ҳам аниқ белгиланган бир хил ҳақ тўлайди. Биз ҳам хориж электр энергиясини бозор тамойиллари асосида, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласагина импорт қиламиз. Лекин юқорида айтганимдай бизнинг тизимда электр энергиясини сақлаб туриб бўлмайди. Айнан бизга зарур бўлган қиш ойларида импортёрларнинг ўзида ҳам электр энергиясига бўлган талаб ошади.
Мана, масалан жорий йилда Тожикистондан олинувчи импорт ҳажмини камайтиришга мажбур бўлдик, чунки сув омборларида етарли миқдорда сув йиғилмагани учун гидроэлектростанциялар бор қувват билан ишлай олмади. Бу бизга ҳам таъсир қилмай қолмади албатта. Аммо бошқа экспортёрлар билан ҳамкорликни кучайтиряпмиз».
Нега «Ўзбекэнерго» ўзимизда танқис бўлган электр энергиясини Афғонистонга сотади?
«Афғонистонга қилаётган экспортимиз юзасидан кўп танқидлар эшитамиз. Лекин бир нарсани тўғри тушунишимиз керак – биз Афғонистонга ўзимизда ишлаб чиқарилган, биринчи навбатда ўз истеъмолчиларимиз учун мўлжалланган электр энергиясини экспорт қилмаяпмиз. Бизда импорт ҳажми экспорт ҳажмидан анча кўп, яъни ўзимиз харид қилаётган электр энергиясининг бир қисмини фойдали асосларда Афғонистонга етказиб бераяпмиз. Бу ҳамкорлик келишувларга асосланган ва жамиятимиз буни бажаряпти». «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар