Тошкент шаҳар прокурори: "Инвесторларга ҳеч ким ноҳақлик қилолмайди, биз бунга йўл қўймаймиз"

  • 26 январь 2019, 13:39
  • 1 628
  • Иқтисодиёт
  • Тошкент шаҳар прокурори: "Инвесторларга ҳеч ким ноҳақлик қилолмайди, биз бунга йўл қўймаймиз"
    Фото: «Uza.uz»
    Кеча, 25 январь куни Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишар экан, уларни амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси олдига муҳим вазифалар қўйди.

    Эндиликда шаҳар прокуратураси инвесторларга ер ажратилишидан бошлаб, лойиҳа фойдаланишга топширилгунча бўлган барча босқичларни назоратга олади, яъни лойиҳаларни расмийлаштириш ва амалга ошириш жараёнида шаффофликни, ҳалолликни таъминлайди, коррупцияга йўл қўймайди.

    Инвесторларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришнинг янги тизими ҳақида Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов «ЎзА»га қуйидагиларни маълум қилди:

    – 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш дастури доирасида 270 дан зиёд инвестиция лойиҳасини татбиқ этиш кўзда тутилган. Уларнинг тўлиқ ишга туширилиши 37 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини беради.

    Бизнинг вазифамиз бу лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорларнинг, хусусан, чет эллик инвесторларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шаффофликни таъминлаш, ортиқча қоғозбозлик, коррупциянинг олдини олиш.

    Шу мақсадда пойтахтимизда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича ишларни ташкиллаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими ва прокурорининг қўшма фармойиши қабул қилинди.

    Ҳафтанинг белгиланган кунларида туманларда инвесторлар билан учрашамиз. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, таклиф-мулоҳазаларини эшитамиз. Муаммолари бўлса, ваколатимиз доирасида тезда ҳал қилишга киришамиз.

    Бир мисол. Яқинда Мирзо Улуғбек туманида инвесторлар билан учрашдик. Қори Ниёзий ва Лашкарбеги кўчалари чорраҳасида қиймати 15 миллион долларлик замонавий уй-жой қуриш лойиҳасини амалга ошираётган «Uzakay Inshaat» МЧЖ раҳбари Айжан Думан қурилиш ишлари учун электр тармоғига уланишда муаммоларга дуч келаётганини айтди. Шаҳар прокуратураси томонидан кўрилган чоралар натижасида қурилиш участкаси тегишли тартибда электр тармоғига уланди.

    Шу тариқа биз ҳар бир лойиҳа тасдиқлангандан то ишга тушгунига қадар бўлган жараённи кузатиб борамиз. Мақсадимиз битта – инвестор ҳеч кимдан ноҳақлик кўрмасин, инвестиция жалб қилиш тизимида коррупция, сунъий тўсиқлар учрамасин. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, биз бунга йўл қўймаймиз, деган шаҳар прокурори.

    » » Тошкент шаҳар прокурори: "Инвесторларга ҳеч ким ноҳақлик қилолмайди, биз бунга йўл қўймаймиз"