06:57 / 07.02.2019
5 559

Мирзиёев мева-сабзавотлар экспортини кўпайтириш бўйича топшириқларни берди

Мирзиёев мева-сабзавотлар экспортини кўпайтириш бўйича топшириқларни берди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 6 февраль куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда экспорт ҳажмларини ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоселектор орқали жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарияти, йирик компаниялар вакиллари, элчилар иштирок этди.

Президент экспортбоп маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш, экспортда хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини камида 60 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган Миллий экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Стратегия экспортёрларга кўрсатилаётган давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, “Doing Business” рейтингида “ташқи савдо” кўрсаткичи бўйича юқори 50 та мамлакат қаторига киритиш масалаларини қамраб олади. Хориж тажбирасидан келиб чиқиб, экспорт қилувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон экспортёрлар ассамблеяси ташкил этилади.

Видеоселекторда экспортни кўпайтиришда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиб, бу борадаги ишларни жонлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўтган йили ҳудудий экспорт прогнози бажарилмагани, айниқса, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бу борада сусткашликка йўл қўйилгани қайд этилди. Ҳудудий мева-сабзавот экспорти прогноздан анча кам бўлгани, биронта ҳам ҳудудда бу борадаги режа бажарилмагани танқид қилинди.

Албатта, экспорт жаҳон бозоридаги конъюнктурага ҳам боғлиқ. Хорижий экспертлар жорий йилда ҳам асосий хомашё маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархлари паст бўлишини прогноз қилишмоқда. Шу боис мамлакатда 2019 йилги экспорт прогнози ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўп этиб белгиланди.

Давлат раҳбари экспорт прогнозини таъминлашни аниқ ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, бу борада янги тизим йўлга қўйишни таклиф қилди.
Унга мувофиқ, аввало, Республика экспорт штаби фаолияти тубдан такомиллаштирилади. Ушбу штабдан вакиллар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бириктирилади.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўзлари мутасаддилик қиладиган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари томонидан экспорт прогнози бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

Республика экспорт штаби, Бош вазир ўринбосари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тармоқлар ва ҳудудлар бўйича ўн кунлик экспорт жадвалларини ишлаб чиқиб, тузилган экспорт шартномаларини сўзсиз бажариш ҳамда қўшимча келишувлар имзолаш чораларини кўради.

Йиғилишда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни самарали ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу йўналишга ихтисослаштирилган 67 та туманда экинларини оптимал жойлаштириш, етиштирилган мева-сабзавотларнинг камида 25 фоизини экспортга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур туманларда мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш, шундай маҳсулотларни қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни кўпайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

– Ҳамма аниқ билиши керак: агар экспортбоп мева-сабзавотлар сифатли етиштирилмаса ва хорижга йил давомида етказиб берилмаса, уларнинг экспортини кескин ошириб бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларига енгиллик яратиш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Болтиқбўйи давлатлари билан “Яшил йўлак” тизимини жорий қилиш, карантин хизматларидан белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа бозорига кириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда яна бир долзарб вазифа – хизматлар экспортини кенгайтириш, айниқса, туризмни ривожлантириш истиқболлари кўрсатиб ўтилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мирзиёев мева-сабзавотлар экспортини кўпайтириш бўйича топшириқларни берди