11:35 / 28.02.2019
5 376

Ўзбекистонда валютага оид муносабатларни такомиллаштириш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда валютага оид муносабатларни такомиллаштириш таклиф қилинмоқда
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида валютага оид муносабатларни такомиллаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, республикада банк-кредит соҳасини ривожлантириш бўйича жадал ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолига қатор қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, кўплаб жойларга банкоматлар қўйилиб, нақд пулни ечиб олиш имкони яратилди, валюта бозорини либераллаштириш ва унинг ноқонуний олди-сотдисини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ҳозирги кунда фуқаролардан банк кассаларида валюта қабул қилиниб, эркин равишда айирбошлаш амалга оширилмоқда. Бироқ бу ҳаракатлар бир томонлама бўлиб, банклар амалда фақат валюта маблағларини олиш билангина чекланиб, фуқароларга эркин равишда сотмаяпти. Шунингдек, банкларда айирбошлаш тезкор равишда йўлга қўйилмаганлиги, айрим банклар (кассалар) ҳали хам айирбошлаш билан шуғулланмаётганлиги сабабли фуқаролар “қора бозор”га мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.

“Мазкур ҳолатни бартараф этиш учун жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида лицензия асосида валютани айирбошлаш фаолияти билан шуғулланишга (турғун шохобчалар орқали) рухсат бериш лозим. Мазкур фаолият натижасида “БАНК - ЯТТ - ФУҚАРО” занжири пайдо бўлади ва амалда бир қатор муаммоларни ҳал қилади. Биринчидан, иқтисодиётга миллиардлаб зарар келтирадиган “қора бозор” ўз-ўзидан йўқ бўлади. Иккинчидан, барча “қора бозор” иштирокчилари фаолиятини қонунийлаштиради ва солиқ тўловчиларга айланади. Учинчидан, янги иш ўринлари яратилади. Тўртинчидан, валютанинг банкдан ташқари айланишига барҳам берилади. Бешинчидан, валюта бозорида соғлом рақобат юзага келади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Билдирилишича, бунинг учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турларига “валютани айирбошлаш” фаолиятини киритиш зарур. Шунингдек, ушбу фаолият учун солиқ ставкаларини белгилаш, бунда солиқ миқдори адолатли бўлишига эътибор қаратиш керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда валютага оид муносабатларни такомиллаштириш таклиф қилинмоқда