08:20 / 26.06.2019
3 205

ДСҚ: «Харид чекини талаб қилинг, совринга эга бўласиз»

ДСҚ: «Харид чекини талаб қилинг, совринга эга бўласиз»
Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази директори Ҳаётжон Насруллоев журналистлар учун ташкил этилган анжуманда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини, савдо маданиятини ошириш учун амалиётда янгиликлар жорий этилишини маълум қилди.

«Жуда кўпчилик истеъмолчилар савдо шохобчаларида харид чекларини олишмайди ёки талаб қилишмайди. Бу, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билмасликларини кўрсатади. Муаммонинг қандай ечими бор? Амалиётга татбиқ этилаётган онлайн назорат-касса машиналарида (ОНКМ) чиқариладиган харид чеклари орқали масалани яхши томонга ўзгартира оламиз.

Харидор учун фойда шундаки, ушбу турдаги ҳисоб машиналарида чиқарилган чеклар махсус QR-кодга эга бўлади ва унинг ёрдамида харидор маҳсулотнинг чекда кўрсатилган нархини солиштириши, пластик картадан ортиқча маблағ ечиб олинмаганлигини текшириши мумкин», — дейди у.

Таъкидланишича, онлайн ННМ амалиётини кенгроқ тарғиб қилиш учун ютуқли ўйинлар ташкил қилинади.

«Бунда мижоз харид чекини талаб қилиб, QR-код текширувидан ўтказадиган бўлса, қимматбаҳо совринларни ютиб олиш имконияти эга бўлади.

Қозоғистон тажрибасида бундай лото мавжуд, аммо битта турдаги соврин ютуққа қўйилади. Бизда эса бир неча турдаги қимматбаҳо мукофотлар жорий этилади.

Солиқ органларига бундан қандай фойда, деган савол туғилиши табиий. Сотувчи бу тизимда фаолият олиб борса, савдо тушумларини яширолмайди. Савдо операцияларининг тўлиқ назорати таъминланади. Ўз навбатида, солиқ базаси ошади. Бу эса давлат бюджети ошишига ҳисса қўшади», — дея қўшимча қилди Насруллоев.

Маълум қилинишича, 2019 йил 1 октябрдан ютуқли ўйин жамғармасини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади ҳамда унга савдо ва хизмат кўрсатиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналаридан ундириладиган солиқ тўловлари (қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, ягона солиқ тўлови) суммасининг 0,1 фоизи йўналтирилиши таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланиш айни пайтда мажбурий характерга эга бўлмаса-да, 2020 йилдан барча савдо ва хизмат шохобчаларида ундан фойдаланиш қатъий белгиланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » ДСҚ: «Харид чекини талаб қилинг, совринга эга бўласиз»