17:10 / 21.01.2020
3 056

Марказий банк олтинларни нима учун сотган?

Марказий банк олтинларни нима учун сотган?
Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов МБ 4 миллиард долларлик олтинни экспорт қилиш орқали алмашув курси барқарорлигини таъминлагани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий банк алмашув курси барқарорлигини таъминлаш учун олтин сотмайди.

“Оддий иқтисодий механизм сифатида тушунтирадиган бўлсак, Марказий банк олтин сотиб олаётганда ишлаб чиқарувчига берган пулини иқтисодиётдаги пул эмиссияси деб қараш керак. Айнан шу ҳажмда биз олтинни қайтадан экспорт қилиб, валютасини ташлаб, валюта бозорига жойлаштириб, яна ўзимиз чиқарган сўм маблағларимиз билан ортиқча эмиссияни амалга оширамиз.

2019 йилда 110 тонна олтин экспорт қилдик, тахминан 5 миллиард доллар бўлади. Лекин, Марказий банкнинг интервенцияси 3,8 миллиард доллар, яъни 80 тоннадан сал зиёдроқ. 36,6 триллион сўмлик олтин сотиб олдик, бу иқтисодиётга шунча пулни эмиссия қилди дегани”, - дейди И.Норқулов.

ЎзА’нинг ёзишича, у нега олтин кўп сотилганига ҳам изоҳ бериб ўтди.

“Нега кўпроқ олтин сотдик? Негаки, биз ташқи бозордаги ҳолатдан ҳам келиб чиқамиз. Яъни нарх қулайроқ шаклланаётган бўлса, маълум маънода олтинни кўпроқ сотишимиз мумкин. Нарх ноқулай шаклланаётган бўлса кутиб турамиз. Бунда Марказий банк таҳлилчиларининг прогнозлари бизга қўл келади. Олтинни сотишдан келиб тушган пул валюта бозорида сотилишини англатмайди. Яъни бизнинг олтин сотиш операцияларимиз олтин-валюта захираларини самарали бошқариш вазифаларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Яна бир гап. Валюта ислоҳотларининг дастлабки босқичларида ички валюта бозорининг ривожланиши ва унинг иштирокчилари янги шароитларга тўлиқ мослашмаганлиги ҳолатида ҳам биз нейтраллик тамойилига амал қилдик. Бу нима. Яъни эркин шаклланадиган алмашув шароитида Марказий банк халқаро захира валюталарини йиғмайди ҳам, ишлатмайди ҳам.

Агар валюта интервенциясини амалга оширадиган бўлсак, одатда бу алмашув курсини қадрсизлантириш ёки қадрини ушлаб туриш орқали амалга оширилади. Бунда валюта захиралари камайиб ёки кўпайиши юзага келиши мумкин. Олтин захиралари ўзгармаслиги, бу ҳақиқатдан ҳам эркин шаклланган алмашув курси талабларига жавоб беради. 2019 йилда олтин-валюта захираларимиз 28,6 миллиард долларни ташкил этди.

Яъни ўтган йили олтин-валюта захираларимиз 2 млрд. доллардан зиёдроққа ошди. Тўғри бу асосан нарх орқали юз берган бўлса-да, лекин халқаро захираларимиз камаймади. Биз йил давомида алмашув курсини қўллаб-қувватлаш учун мавжуд захираларимизни ишлатмадик”, - деган Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марказий банк олтинларни нима учун сотган?