19:39 / 25.12.2021
1 430

Президент GTL заводи қурилишида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди

Президент GTL заводи қурилишида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди
Шавкат Мирзиёев Uzbekistan GTL заводи очилиш маросимида сўзлаган нутқи якунида завод қурилиши ҳақида сўзлади ва бу жараёнда қатнашганларга миннатдорлик билдирди.

«Тўғриси, биз GTL лойиҳасини бошлаганимизда кўпчилик буни уддалашимизга шубҳа билан қараган эди. Лекин биз қатъий интилиш ва машаққатли меҳнатимиз билан барчамиз биргаликда мураккаб синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, мана шундай янги ва замонавий, юқори технологик мажмуани барпо этишга эришдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Айниқса, коронавирус пандемияси даврида хориждан мутахассис ва ускуналар келтириш, қурилиш майдонида 10 мингдан ортиқ ишчининг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш, албатта, осон бўлгани йўқ.

Аммо ҳамжиҳатлик билан ўз вақтида амалга оширган зарур чора-тадбирларимиз натижасида ушбу муҳим лойиҳа бўйича иш пандемия даврида ҳам бирор кун тўхтамади.

Меҳнаткаш, серғайрат ва фидойи қурувчи ва муҳандислар, тажрибали мутахассислар, минглаб матонатли ишчилар карантин талабларига қатъий амал қилиб, узоқ вақт оиласи, яқинларидан олисда ишлаб, ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди
», — деди давлат раҳбари.

Президент завод қурилишида иштирок этган барча муҳандис ва қурувчиларга, лойиҳани амалга оширишга кўмаклашган хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

«GTL заводи ва Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш бўйича лойиҳалар Янги Ўзбекистонда янги саноат даврини яратиш йўлидаги илк йирик қадамларимиздан биридир.

Биз қанча оғир бўлмасин, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш ва халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиш йўлида маррани баланд олиб ишлаш ва яшашга ўргандик.

Янги йил остонамизда эшик қоқиб турган ушбу қувончли лаҳзаларда, барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизга, саноат соҳасининг жонкуяр ва фидойи ишчи-ходимларига чуқур эҳтиром билан таъзим қиламан
», – деди давлат раҳбари ва барчани кириб келаётган янги – 2022 йил билан муборакбод этди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев GTL заводи фаолиятига старт берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Президент GTL заводи қурилишида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди