Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистоннинг сўлим гўшаси бўлмиш Иссиқкўлда минтақа сиёсий ҳаёти учун муҳим учрашув ўтказилди. Марказий Осиё давлат раҳбарлари тўртинчи марта маслаҳатлашув учун йиғилди.
Мирзиёев ташаббуси
Марказий Осиё давлат раҳбарлари Иссиқкўлда тўртинчи марта маслаҳатлашув учун йиғилди. Галстукларсиз ўтиши билан ажралиб турувчи бундай форматдаги учрашувнинг ташаббускори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. 2017 йил Самарқандда БМТ билан ҳамкорликда ўтказилган конференцияда Мирзиёев минтақа давлатлари ҳар йили маслаҳатлашув учун йиғилиб туришини таклиф қилганди. Буни барча бир овоздан қўллаган ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф қилганди.
Шу тариқа, биринчи маслаҳатлашув учрашуви 2018 йил 15 мартда Остонада ўтказилди. 2019 йил ноябрда Марказий Осиё давлатлари етакчилари иккинчи маслаҳатлашув учун Тошкентда йиғилди. 2020 йил Бишкекда ўтиши режалаштирилган маслаҳатлашув коронавирус пандемияси сабаб қолдирилди. 2021 йил етакчилар Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик марказида учрашишди. Иссиқкўлдаги учрашув тўртинчиси бўлди.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу форматдаги учрашувларнинг ҳаммаси ҳар хил таркибда ўтган. Масалан, Остонадаги илк учрашувга Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов бормаган ва ўз ўрнига сенат раиси Акжа Нурбердиевани юборганди. Кейинги йил Тошкентга Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўзи келди. 2021 йил Туркманистонда ўтган йиғилишга келиб икки давлатда раҳбарлар ўзгарганди. Қирғизистонда Жеэнбеков ўрнига Жапаров, Қозоғистонда Назарбоев ўрнига Тўқаев келди. Иссиқкўлдаги учрашувда эса иштирокчиларнинг фамилияси ўзгаришсиз қолди. Фақат Турманистон номидан собиқ президентнинг ўғли ва янги президент Сердар Бердимуҳаммедов иштирок этди.
Мирзиёев нималар деди?
Ўзбекистон президенти бу форматдаги учрашувларнинг самараси одамлар ҳаётида сезила бошлаганини айтар экан, аввало минтақа давлатларининг фуқаролари бир давлатдан бошқа давлатга осон ҳаракатланиши муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, Мирзиёев минтақадаги давлатлар Марказий Осиё манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўриши керак бўлса, Ўзбекистон бунга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақа ичидаги савдо улушига мамлакатлар ўртасидаги умумий товар айланишининг 5 фоизидан 10 фоизигача бўлган қисми тўғри келмоқда ва бу кам, мавжуд салоҳият бу рақамларни катталаштириш имконини беради.
Марказий Осиё давлатлари учун сув масаласи жиддий ҳисобланади. Айнан сув талашиш ортидан кўп тушунмовчиликлар ҳам бўлиб туради. Шавкат Мирзиёев чиқишида ҳамкорларга Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» дастурини таклиф қилди. Дастурда иқтисодиётни карбонсизлантириш, муқобил энергетикани ривожлантириш, ўзаро электр энергияси етказиб беришни ташкил этиш, сув тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз боради. Дунё мисли кўрилмаган энергетик инқирозни бошдан кечираётган бир вақтда айниқса электр энергиясини ўзаро алмашиш масаласи минтақа учун муҳим ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев ушбу мавзуларда гапирар экан, Марказий Осиё «яшил тараққиёт» масалаларида жаҳоннинг етакчи минтақаларидан анча ортда эканини афсус билан тилга олди.
Шавкат Мирзиёев минтақа етакчилари иштирокидаги анжуманда хавфсизлик масаласида ҳам гапирди. Ўзбекистон президенти уюшган жиноятчилик, наркотрафик кабий анъанавий таҳдидларга қарши биргаликда курашишда давом этиш лозимлиини таъкидлаш асносида бугун ривожланиб бораётган интернетдаги ноқонуний фаолиятлар билан боғлиқ хатарларни ҳам беэътибор қолдириб бўлмаслигини айтди. «Бугун ушбу таҳдидлар йўлида ҳеч қандай чегара йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб келмоқда», деди президент.
Интернетдаги хатарлар ҳақида гапирар экан, Мирзиёев яқинда Ўзбекистонда рўй берган Нукус воқеаларини ҳам тилга олди. «Афсуски, минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжуд экани яна бир бор тасдиқланди», деди у.
Хавфсизлик ҳақида гапирган Ўзбекистон раҳбари Афғонистондаги тинчлик масаласида минтақа давлатлари ўзаро ҳамкорликни давом эттириши зарурлигини айтди. Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилиши муҳимлигини таъкидлаб, 5 та республика Хавфсизлик кенгаши котиблари ва махсус хизмат вакилларининг ўзаро маслаҳатлашув учун йиғилиши борасида таклифни қўллади.
Тўқаев Россияни ҳам чақириш таклифини ўртага ташлади
Шавкат Мирзиёев қўллаган Хавфсизлик кенгаши котибларининг маслаҳатлашуви бўйича учрашув таклифи Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевдан чиққанди. Тўқеаев ташқи ишлар вазирлари ҳам олти ойда бир учрашиб туришини таклиф қилган.
Қозоғистон президенти бундай форматдаги учрашувларда «чегараларни қулфлаб қўйиш» ярамаслигини айтиб, кейинги учрашувларда Россия ва Хитойдан вакиллар чақириш кераклигини айтди.
Тўқаев фақат минтақада жойлашмаган давлатларни ҳам маслаҳатлашувга чақириш каби ғалати таклифлар бермади. Қозоғистон президенти томонидан жўяли гаплар ҳам айтилди. Масалан, Тўқаев Марказий Осиё давлатлари чегара масаласидаги тушунмовчиликларни замонавий инсонлардек қуролсиз, дипломатик йўл билан ҳал қилиши кераклигини айтди. Тўқаев бу гаплари билан Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масаласи доимий кескинлик келтириб чиқариши, тез-тез қуролли можаролар содир бўлаётганига ишора қилди.
Чегара масаласида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳам ҳал қилинмаган масалалар бор. Бу борада Ўзбекистон томони Жапаровнинг Тошкентга ташрифи вақтида аниқ таклифлар берган, аммо Қирғизистон томони ҳозирча муаммони ҳал қилиш йўлида қадам ташламаяпти.
Тўқаев чегара масалаларни дипломатчасига ҳал қилиш кераклигини айтишга чинакам ҳақли сиёсатчи ҳисобланади. Чунки у ўз вақтида Россия ва Хитой билан чегара масалаларини ҳал қилишда бевосита иштирок этган дипломат ҳисобланади.
Қозоғистон президенти минтақадаги транспорт логистикасини ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапириб, мамлакат «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темирйўлини қуришда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари ҳам чегара масаласида гаплашиб олишди. Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров чегара масаласини дипломатик йўл билан ҳал қилиш кераклигини таъкидлашди. Икки давлат раҳбари Иссиқкўлда ўзаро учрашув ўтказди.
Имомали Раҳмон гапираётганда эфир узилиб қолди
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон маслаҳатлашувдаги чиқишида Афғонистондаги ҳолат кейинчалик фақат ёмонлашиши ҳақида гапирди. Унинг фикрича, «Толибон» ҳаракат мамлакатдаги сиёсий вазиятни уддалай оладиган ҳолатда эмас. У «Толибон» ҳукумат сифатида тан олиниши учун халқаро ҳамжамиятни ишонтира олмаганини қўшимча қилди ва Афғонистонда бошқа миллат вакиллари камситилаётгани, амалдаги ҳукумат диний консерватизм йўналишидан бораётганини айтди.
Тожикистон минтақада «Толибон»га қарши эканини очиқ айтадиган ягона давлат ҳисобланади. Тожикистон вакиллари Афғонистонда «Толибон» томонидан тожик миллатидаги фуқаролар қатағонга учраётгани ҳақида ҳам тез-тез гапириб туришади. Шунингдек, Афғонистон ҳукумати инклюзив бўлиши кераклиги, унинг таркибида тожиклар сони миллат вакиллари сонига мувофиқ бўлиши керак деб ҳисоблашади.
Маслаҳатлашув Қирғизистонда бўлаётгани ва унда Афғонистон ҳақида сўз бориши сабаб Имомали Раҳмоннинг чиқишида интрига юқори эди. Қирғизистон масаласида-ку Тожикистон етакчиси шов-шувли гап айтмади, аммо «Толибон» ҳақида яхшигина кескин фикрлар билдирди.
«Ортда қолган вақт давомида «Толибон» халқаро ҳамжамият ва Афғонистон халқини ўз ҳукумати легитимлигига ишонтириш учун ҳеч нима қилмади. Улар мамлакатдаги сиёсий вазиятни, фуқаролар хавфсизлигини ҳамда юзага келаётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қиладиган ҳолатда эмас. Толиблар турли этник гуруҳларни камситиб, кескин диний консерватизм йўлидан бормоқда», деди Имомали Раҳмон.
Тожик нашрлари ёзишича, шу вақтда Имомали Раҳмоннинг нутқи кўрсатилаётган эфир узилиб қолган. Кадр тикланганда эса Турманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов гапираётган бўлган.
Марказий Осиё катталари йиғилишида илк марта иштирок этган Сердар Бердимуҳаммедов алоҳида ажралиб турадиган фикрлар айтмади. У минтақадаги давлатлар эътибор бериши керак бўлган учта хавфни айтди: минтақадаги вазиятни издан чиқаришга уриниш, терроризм ва радикал диний ташкилотлар хавфи, чегаралар яқинидаги ҳарбий низолар.
Кичик Бердимуҳамедов Марказий Осиё ташқи таъсирлардан холи ҳудудга айланиши учун минтақа давлатлари бирдамликда ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, Марказий Осиёдаги барқарорликни сақлаш учун яқин 2 йилга мўлжалланган йўл харитаси ишлаб чиқишни таклиф этди.
Жапаров Фарғона водийсини жаннатмакон гўшага айлантириш учун қўлидан келганини қилаётганини айтди
Қирғизистон президенти чегара масаласида босиқлик билан гапирди. «Чегараларни делимитация қилиш учун Ўзбекистон ва Тожикистон билан ишлашда давом этяпмиз. Шуни таъкидламоқчиманки, чегараларни тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурадиган жойларга айлантириш, Фарғона водийсини ҳақиқий жаннатмакон жойга айлантириш учун қўлимиздан келганини қилиб, сиёсий ирода кўрсатяпмиз», деди Жапаров.
Аммо сув масаласига келганда Жапаров кескинроқ фикр билдирди: «Иқлим ўзгаришлари сабаб сув ресурслари миқдори кескин камайиб кетмоқда. Бу минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Қирғизистон Марказий Осиёдаги сув ресурсларини сақлагани ва тақсимлаш учун етарлича компенсация олмаяпти», деди Жапаров.
Шунингдек, Қирғизистон президенти минтақа давлатларини рақобатлашиш эмас, ҳамкорлик қилишга чақирди.
Маслаҳатлашув якунига кўра, республикалар раҳбарлари «XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида» шартнома имзолашди.
Ўткир Жалолхонов
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди