Яшаб кетиши кутилмаган бургут уч йилдан сўнг тирик топилди

Шотландиянинг Малл оролида 2023 йилда қаноти жиддий шикастланган Кинки лақабли оқ думли бургут орадан уч йил ўтиб яна соғлом ҳолда кўринди.
Кинки жўжалигида уядан қулаб, чап қанотини синдирган. Мутахассислар унинг мустақил яшаши қийин бўлишидан хавотирланган, аммо у жароҳатланганига қарамай учиб кетган.
Энг қизиғи, кейинги кўпайиш мавсумида Кинки ҳали ҳам ота-онаси томонидан озиқлантирилаётгани кузатилган. Бу ҳолат ушбу турда аввал қайд этилмаган. 2025 йилда ота-онаси яна кўпайишни бошлагач, Кинки ҳудуддан ғойиб бўлган ва унинг тақдири номаълум қолган.
Бироқ 2025 йил июль ойида Mull Charters кемаси экипажи аъзоси Блэр Кеттерингем Лох-на-Кил кўли устида учиб юрган ёш бургутни кўрди. Қанотидаги ўзига хос эгилиш унинг Кинки эканини кўрсатган.
Орадан яна бир йил ўтиб, Кинки Малл оролида яна пайдо бўлди. Ҳозир у яхши ҳолатда ва вояга етиш арафасида. Думидаги жигарранг патлар ҳам аста-секин оқ тусга кирмоқда.

Оқ думли бургутлар одатда беш ёш атрофида етукликка етади. Шу боис Кинки олдида ҳали яна бир синов — жуфт ва ўз ҳудудини излаш жараёнида бошқа бургутлар билан рақобатлашиш турибди.
RSPB элчиси Дэйв Секстон Кинкини “туғма омон қолувчи” деб атади ва унинг кейинги ҳаётини қизиқиш билан кузатаётганини билдирди.
Қайд этилишича, Британиядаги сўнгги маҳаллий оқ думли бургут 1918 йилда отиб ўлдирилган. 1975 йилда Шотландияда турни қайта тиклаш дастури бошланган. Ҳозир Буюк Британияда қарийб 200 та кўпайувчи жуфтлик мавжуд.






























Изоҳлар 0
…