20:54 / 14.08.2022
1 805

“Оқила аёллар” ҳаракати ҳақида экспертлар фикри

“Оқила аёллар” ҳаракати ҳақида экспертлар фикри
Президент таклифи билан Вазирлар Маҳкамасининг 08.08.2022 йилги 437-cонли қарорига мувофиқ Ўзбекистонда янги “Оқила аёллар” ҳаракати тузилди. Мутахассислар бу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини Sputnik мухбирига билдириб ўтишди.

- “Оқила аёллар” ҳаракати том маънода маҳалланинг виждонига айланиши керак”, деган эди давлатимиз раҳбари. Ҳақиқатан бу тузилмада ҳар тарафлама одамларга ибрат бўла оладиган аёллар жамланади, - деди Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Матбуот котиби Нилуфар Жумаева.

Мазкур тузилмага давлат бюджетидан пул ажратилмайди, ҳомий ташкилотлар ва хайрия маблағлари эвазига рағбатлантирилади.
Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитасидан фарқли равишда бу тузилма мустақил ва жамоавий бўлади. Унда жамиятдаги фаол, илмли, ўз касби ва ишининг устаси бўлган мутахассис аёллар бирлашишади.

“Оқила аёллар” ҳаракати Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг бўлимларида доимий асосда фаолият юритувчи юридик шахс бўлмаган жамоат тузилмасидир.

Бу ҳаракат расман тузилиб ишга тушгунича биз ҳудудлардан ибратли аёлларни тўплаб, тарғибот гуруҳларини ташкил қилиб, ишларни бошлаб юборгандик. Эндиликда, ҳаракатнинг ҳуқуқий асосини тасдиқлаш босқичида турибмиз”, деди Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева.

Мутахассиснинг таъкидлашича, тузилманинг вазифаси жамиятда маънавий макон бўлишга ўз ҳиссасини қўшадиган, ёшларни тарбиясига ижобий таъсир кўрсата оладиган аёлларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Бугун интернет тармоқларида ёш қизлар ва аёллар ҳаётидаги ҳар қандай масалани, у қувончли бўладими ёки қайғулими интернетга олиб чиқиб кўз-кўз қиляпти, рекламага берилиб кетяпти. Бу нотўғри. Аёл сирли бўлсагина севимли бўлади. “Оқила аёллар” ҳаракати ана шундай сирли бўлишга ўргатади”, деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи Фароғат Худойқулова.

Бунда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафар фаол ва ташаббускор аёллардан иборат Ҳаракатнинг бошланғич гуруҳлари ташкил этилади.

Ҳаракат ва унинг бошланғич гуруҳлари таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар мунтазам равишда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Тузилма, қоида тариқасида, Қўмитада – 50 нафар, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида – 35-40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида – 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллар таркиби асосида шакллантирилади.

Маълумот учун, Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Президентнинг 2022 йил 1 мартдаги "Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-81-сонли Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унга Зулайҳо Маҳкамова раҳбар этиб тайинланган ва шу кунгача Қўмита расман фаолият юритиб келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Оқила аёллар” ҳаракати ҳақида экспертлар фикри