700 йил аввал сувга ғарқ бўлган шаҳар сирлари очилмоқда

700 йил аввал сувга ғарқ бўлган шаҳар сирлари очилмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Буюк Британия соҳилидан топилган 700 йиллик Шипден шаҳри харобаларидан 25 та инсон қўли билан яратилган обектлар аниқланди.
  • Бу иншоотлар ХИВ асрга тааллуқли бўлиб, тадқиқотчилар уларни қадимий тўғонлар ёки пристаннинг бир қисми деб тахмин қилишмоқда.
  • Ғаввослар чўккан шаҳарни биринчи марта батафсил суратга олиб, 3D моделларини яратишди, бу эса денгиз остидаги иншоотларни ўрганишга ёрдам беради.

Буюк Британияда тахминан 700 йил аввал Шимолий денгиз тубига ғарқ бўлган ўрта асрларга оид Шипден шаҳарчасининг излари топилди. Ғаввослар Норфолк графлигидаги Кромер соҳилидан бир неча юз метр узоқликда инсон қўли билан яратилган 25 та сирли объектни аниқлаб, уларни суратга олди. Бу ҳақда Jam Press хабар берди.

Маълум қилинишича, денгиз тубидан топилган чақмоқтошдан қурилган иншоотлар XIV асрга тааллуқли. Тадқиқотчиларнинг фикрича, улар қадимий тўғонлар, пристаннинг бир қисми ёки бошқа соҳилбўйи иншоотлари бўлиши мумкин.

Шипден аҳоли пункти XIV аср давомида аста-секин Шимолий денгиз сувлари остида қолган. 1362 йилда содир бўлган кучли бўрон эса шаҳарчанинг қирғоқ чизиғини деярли бутунлай вайрон қилган.

Британиялик ғаввослар чўккан шаҳар харобаларини биринчи марта батафсил суратга олиб, улар асосида рақамли 3D моделлар ҳам яратди. Бу мутахассисларга денгиз остида сақланиб қолган иншоотларни яхшироқ ўрганиш имконини бермоқда.

Топилма яна бир машҳур афсонага ойдинлик киритди. Кромер аҳолиси орасида Church Rock, яъни «Ибодатхона қояси» остида Авлиё Пётр ибодатхонаси яширингани ҳақида узоқ йиллардан бери ҳикоя қилиб келинган.

Бироқ ғаввослар аниқлаган объект ибодатхона эмас, балки ўрта асрларга оид қирғоқ истеҳкомининг бир қисми бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. Бу эса машҳур афсонанинг ҳақиқатга мос келмаслиги эҳтимолини кучайтирди.

«Кромерда ўсган ҳаммамиз Church Rock ҳақидаги ҳикояларни эшитиб улғайганмиз. Шу сабабли бу афсона нотўғри бўлиши мумкинлигини англаш катта қадамдир. Биз ҳозир ўрта аср ҳужжатларини ўрганиб, уларни денгиз тубидан топилган объектлар билан таққослаяпмиз. Ҳозирча узил-кесил хулосалар эмас, балки тахминларни илгари суряпмиз», деди «Кромер музейи дўстлари» жамияти раиси ва лойиҳа директори Питер Стиббонс.

Бу ҳудуд тарихида яна бир қизиқ воқеа бор. 1888 йилда «Виктория» сайёҳлик кемаси сув остидаги қояга урилиб, ҳалокатга учраган. Кейинчалик кема қолдиқлари қоянинг бир қисми билан бирга портлатиб юборилган. Бундан мақсад кемалар ҳаракатига халақит бериши мумкин бўлган тўсиқни бартараф этиш эди.

Бироқ бу ишлар давомида қимматли археологик объектларга ҳам зарар етказилган бўлиши эҳтимоли бор.

«Дастлабки қизиқишимиз “Виктория” кемаси қолдиқларини топиш имконияти билан боғлиқ эди. Аммо Кромер жамоасига Шипден тарихини яхшироқ тушунишда ёрдам берганимиз биз учун катта ютуқ бўлди. Эҳтимол, Church Rock аслида қирғоқ истеҳкоми бўлган. Шунинг учун ибодатхонанинг ўзини қидириш ишлари ҳали давом этади», деди катта ғаввос Ник Шиллер.

Тадқиқотлар Миллий лотерея мероси жамғармаси кўмагида Альфред Савин лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ғаввослик мавсуми ҳозирча якунланган бўлса-да, олимлар изланишларни 2027 йилда давом эттиришни режалаштирмоқда.

Топилган археологик материаллар ва яратилган 3D моделлар Кромер музейида намойиш этиш ҳамда интернетда жамоатчиликка тақдим қилиш учун тайёрланмоқда.

Аввалроқ Шотландия соҳилларида ҳам сув остида қолган қимматбаҳо топилмаларга эга кема аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Англия ва Шотландия қироли Чарльз I га тегишли бўлган ушбу кема 1633 йилда чўкиб кетган бўлиб, унинг бортидаги қироллик буюмлари ва санъат асарлари билан бирга топилманинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар