
Фото: Getty Images
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш йўналишида профессионал таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва дуал таълимни амалиётга самарали жорий этиш бўйича фаол ишлар олиб бориляпти, деб хабар қилмоқда “Дунё”.
Олий таълим вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда профессионал таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида профессионал таълимда дуал таълимни ташкил этиш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш учун мамлакат вакиллари ўқув-танишув сафари билан Германияда бўлиб турибди.
“Ўзбекистонда профессионал таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси 2024 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, унинг қиймати 7 миллион еврони ташкил қилади. Ушбу лойиҳа доирасида 650 нафар ўзбекистонлик мутахассисларнинг Германияда ва Ўзбекистонда турли йўналишлар бўйича касбий таълим соҳасида малака ошириши кўзда тутилган.
Тадбирда сўзга чиққан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистон бўйича катта менежери Нина Любих GIZ мақсад ва вазифалари ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарихига тўхталар экан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) немис федерал ҳукуматини бутун дунё бўйлаб барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлашини айтди.
У Ўзбекистонда 1992 йилдан буён барқарор иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва соғлиқни сақлаш масалаларига эътибор қаратган ҳолда фаолият юритаётганини қайд этар экан, Германияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси касбий таълим соҳасидаги немис тажрибаси ҳақида кўп нарсаларни ўрганиш имкониятига эга бўлганидан мамнуният билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар