11:50 / 06.07.2023
417

Татьяна Каримова ва Пётр Каримов низоси келишув билан якунланади(ми?)

Татьяна Каримова ва Пётр Каримов низоси келишув билан якунланади(ми?)

Пётр Каримов ва Татьяна Каримова

Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилмоқда — даъвогар Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди Пётр Каримов. Даъво предмети сифатида ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо кўрсатилган. Айни вақтда Татьяна Каримова томонидан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида судга киритилган илтимоснома қаноатлантирилган ва судда номаълум муддатга қолдирилган.

“Дарё” мухбири Каримовларнинг низоси тахминан қандай кечиши юзасидан адвокат Баҳодир Аҳмедовдан изоҳ олди.

Адвокатнинг айтишича, Каримовлар низосига ўхшаш ҳолатлар амалиётда аксар ҳолларда келишув билан якунланади.

“Низони келишув битими ёки медиатив йўл билан келишув бўлиши мумкин. Келишув битими Фуқаролик процессуал кодексининг 166-моддасида келтириб ўтилган. Бу ҳар қандай суднинг босқичида тузилиши мумкин бўлган муқобил чоралардан биттаси. Яъни бу биринчи инстанция судида ҳам, апелляция судида ҳам бўлиши мумкин. Олий судда ва ҳаттоки ижро жараёнида ҳам келишув битими тузилиши мумкин.

Келишув битимида тарафлар ўзаро келишув битимини имзолайди. Суд уни тасдиқлайди ва ажрим чиқаради. Агар ижро жараёнида давом этаётган пайтда келишув бўлса, унда биринчи инстанция судига беради. Биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқиб, ажрим чиқариб беради. Келишув битимида ҳам хоҳлаган нарсани келишолмайди. Айтайлик, ноқонуний нарсани киритиш мумкин эмас. Масалан ‘фалон жойга менга уй қуриб берасан’, мазмунидаги келишув киритилмайди. Шунингдек учинчи шахсларга дахл қиладиган масалаларни киритиш ҳам мумкин эмас”, — деди адвокат.

Унинг айтишича, Каримовлар низони медиация йўли билан келишиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

“Медиация институти Ўзбекистонда ҳали унчалик ривожланмаган. Лекин жуда зарурий бўлган, айнан оилавий низоларда бутун дунёда амалиётда қўлланиладиган институт. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, медиация фақатгина биринчи инстанция судида амалга оширилади.

Медиацияда тарафлар келишаётган пайтда ўртада медиатор иштирокида муқобил йўл билан низо ҳал қилинади. Медиатор икки хил: профессионал ёки нопрофессионал бўлиши мумкин. Профессионал медиатор Адлия вазирлигининг тегишли ўқув курсларини тугатган ва Адлия вазирлигидаги реестрга киритилган шахс бўлиши мумкин.

Ворислик бўйича медиация қилинадиган бўлса, тарафларни ўзаро келиштириб ва кейинчалик ҳам бу бўйича низо келиб чиқмайдиган қилиб бажаришга ҳаракат қилади. Низолашаётган томонлар бирорта профессионал медиаторга ўзлари боради. Албатта медиатор маълум ҳақ эвазига хизмат кўрсатади.

Медиация институти биз учун жуда ҳам керак. Бу бутун дунёда ривожланяпти. Масалан, бизга яқин давлатлардан Туркияни, Қозоғистонни кўрадиган бўлсак медиация жудаям яхши ишлаб келяпти. Бу судларда ҳам маълум бир иш ҳажмининг камайишига сабаб бўлади”, — деди Баҳодир Аҳмедов.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Татьяна Каримова ва Пётр Каримов низоси келишув билан якунланади(ми?)
ePN