Фарғона вилоятида аёл кишини хизмат автомобилига ўтқазишда ортиқча қўполлик ишлатган ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви натижалари маълум қилинди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилишича, ходим лавозимидан бўшатилган.
Қайд этилишича, воқеа 18 сентябр куни пост-патруль хизмати ходимлари Фарғона шаҳри Ислом Каримов ҳамда Қувасой кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтда содир бўлган.
«Видеотасвирдаги аёл тиланчилик билан шуғулланаётгани учун у билан профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида аёлдан йўлнинг қатнов қисмидан четга чиқиши сўралган. Бундан аёлнинг жаҳли чиқиб, ходимларга фаол қаршилик кўрсатган. Аёлни ИИБга олиб кетмоқчи бўлганда қўлидаги ёш боласини ерга ташлаб юбормоқчи бўлган пайт ходимлар томонидан ушлаб қолинган», — дейилади ИИБ хабарида.
Бошқарма ходимнинг кейинги хатти-ҳаракатлари «жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлгани»ни таъкидлади.
Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, «касб одоби ва этикасига амал қилмай, ноўрин ҳаракатлар содир қилган» ППХ ходими лавозимидан бўшатилди.
Вилоят ИИБ барча шахсий таркиби юқоридаги каби харакатларни содир этмасликлари юзасидан қатъий огоҳлантирилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!