396
Сохта тадбиркорлик ортидан қамалган ака-укалар тақдири: “Маишатга берилиб, онамнинг умрини едим”
“Надомат” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши 42-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаяпти. У солиқдан бўйин товлагани, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузгани учун Жиноят кодексининг 184, 189-моддалари билан 4 йилу, 2 ойга озодликдан маҳрум этилган.
— Алоқа компаниялари билан шартнома тузиб, пул тўлаш шохобчасини очгандим. Рўзғорга яраша тирикчилик қилиб турардим. Бир куни танишларимдан бири келиб, фирма очиш ва нақдлаштириш билан шуғулланишни таклиф қилди. Тушган пулдан фоиз оласан, дегани учун кўпроқ пул топишга бўлган қизиқишим мени жиноятга етаклади. Бухгалтерия бўйича ҳеч қандай маълумотим йўқ, телефоним орқали фирма ҳисобига тушган пулларни назорат қилиб турардим.
2020 йилнинг август ва сентябрь ойларида номимга 4-5 та фирма очганман. Гувоҳномалар олинганидан кейин декабрь ойидан бошлаб пул айланмаси бошланган. Ҳар битта фирмага 400-500 та шартнома тайёрлаб қўйиб, фирмаларга такси орқали чиқариб юборардим. Фирманинг аҳамияти йўқ эди, Тошкент, Андижон ёки бошқа вилоятдаги фирмалар билан ҳам шартнома тузаверардим.
Фото: “Дарё”
Умумий ҳисобда номимдаги фирмаларга 30 миллиард сўм пул келиб тушган бўлса, шундан менга бор-йўғи 170 миллион сўм атрофида фойда кўрганман. Солиқ департаментига чақириб, ноқонуний иш билан шуғулланаётганимни тушунтиришган. Бир ойдан кейин прокуратура ходимлари чақиришди, шерикларимни сотмадим. Улар мени алдашди, майли Худо жазоларини берсин, — дейди маҳкум.
— Номингизга очилган фирмалар неча ой фаолият юритди?
— Пул айланмаси 20 кун давом этган. Номимдаги фирмалар тозаловчи вазифасини бажарган холос. У пуллар ҳисобимга келиб, яна қайтиб эгасига боради. Масалан, бир фирма столлар сотган, аммо у ҳужжатларда қайд этилмаган ёки кирим бўлмаган пулларни нақдлаштириш учун фирмаларимдан фойдаланилган, — дейди маҳкум.
Машаққатсиз топилган пул суҳбатдошимизнинг янада завқини оширди. Қанча кўп бўлса, шунча яхши деб ўйлади, шекилли, бу ишга институтда ўқийдиган укасини ҳам жалб қилди. Ҳеч нарсадан хабари бўлмаган ука акасига ишониб, номига фирма очишга рози бўлди. Балки, бу ишлар қонунга хилоф эканини билганида акасини ҳам бу йўлдан қайтарган бўлармиди?
— МИБдан қарзинг бор экан, битта фирмангни ёпиб қўйишлари мумкин, дейишганидан кейин укамнинг ҳужжатларини олиб, битта фирмани унинг номига ўтказгандим. Укам институтда таҳсил оларди, у бирорта ҳужжатга қўл қўймаган, аммо фирма унинг номида бўлгани учун унга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари бошланган пайтда укамга “Сен бўйнингга олиб кетавер, хурсанд қиламиз”, дейишган экан. Колонкага чиққандан кейин улар билан боғландим, аммо бошқа қўнғироқ қилмаслигимни, бўлмаса устимдан арз қилишлари ҳақида огоҳлантиришди. Шундан кейин индамадим.
Фото: “Дарё”
Аммо укам мен сабаб икки йилдан буён озодликдан маҳрум, ўқиши ҳам қолиб кетди. Тўғри, у шу кунгача буни юзимга солгани йўқ, аммо виждоним қийналади. Унинг шаънига ҳам доғ туширдим, — дейди маҳкум.
Маҳкум суҳбат сўнгида айбига иқрор эканлиги, нафснинг қулига айланиб, энг бебаҳо бахт — озодликдан маҳрум бўлгани ҳақида куюниб гапирди.
— Пул топиб, маишатга берилган пайтимда атрофимда дўст-биродарларим ниҳоятда кўп эди. Қамалганимдан кейин уларнинг ҳеч бири ёнимда қолгани йўқ. Фақатгина болаликдан бирга улғайган синфдош дўстим мендан воз кечмади.
Пул-ку, майли топилар, аммо онамнинг умрини еганимга ачинаман. Мен сабаб онам соғлиғини йўқотди. Кейин беш ёшли қизалоғимнинг улғаяётганини кўролмаяпман. Ана шу нарсаларни ўйлаб юрагим эзилади.
Агар қонуний ишлаб юрганимда аллақачон уй, машина олиб, онамнинг дуосини олиб юрган бўлардим. Афсуски, арзимас пул ва маишат кўзларимни кўр қилган экан, — дейди маҳкум. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди