15 ёшли Асал Максумова Африканинг энг баланд чўққисини забт этиб барчани ҳайрон қолдирди (видео)

Ижтимоий тармоқларда 15 ёшли Асал Максумованинг Африкадаги Килиманжаро тоғи чўққисидан туриб Ўзбекистон Президентига йўллаган мурожаати акс этган видео тарқалди. Ёш сайёҳ 5895 метр баландликдаги чўққига кўтарилишини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаганини маълум қилди.
Асал Максумова видеомурожаатида ҳозирда Танзанияда, Африка қитъасининг энг баланд нуқтаси ҳисобланган Килиманжаро чўққисида турганини айтди. Унинг таъкидлашича, ушбу натижа билан у Килиманжаро чўққисига чиққан энг ёш ўзбекистонлик бўлган.
Ёш сайёҳ мурожаати давомида Президент Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ, фаолиятида муваффақиятлар, халқимиз ва юртимизга эса фаровонлик тилади.
Шунингдек, у Ўзбекистонда ёшларнинг ривожланиши ва ўз мақсадларига эришиши учун яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдирди. Асал ўзининг ушбу ютуғи бошқа тенгдошларини ҳам янги марралар сари интилишга ва катта мақсадлар қўйишга руҳлантиришига умид билдирди.
15 ёшли қизнинг баланд тоғ чўққисидан йўллаган мурожаати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборини тортди.































Изоҳлар 0
…