Жиззахда давлат захирасидаги 80 сотих ерни 230 миллион сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида давлат захирасида бўлган 80 сотих ер майдонини ноқонуний равишда сотишга уринган шахс қўлга олинди. У ер участкасини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 230 миллион сўм талаб қилган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, 1961 йилда туғилган Ф.Х. исмли шахс Аламл и маҳалласи ҳудудидаги ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларга эга бўлмаган ер майдонини танишлари ёрдамида харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Ушбу хизмат учун 230 миллион сўм сўраган шахс келишилган маблағнинг 200 миллион сўмини олаётган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган. Унинг ёнидан пул маблағлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеа бўйича қўшимча маълумотлар ҳозирча ошкор этилмаган.































Изоҳлар 0
…