Краковдаги қонли ҳужум ортидан гумонланувчининг ота-онаси ва синглисининг ҳам жасадлари топилди

Краковдаги қонли ҳужум ортидан гумонланувчининг ота-онаси ва синглисининг ҳам жасадлари топилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Краковдаги оммавий отишмани содир этган 24 ёшли гумонланувчининг ота-онаси ва синглиси Островец-Свентокшиски шаҳридаги хонадондан ўқотар қуролдан етказилган жароҳатлар билан ўлик ҳолда топилди.
  • 7 ноябр куни Краков марказида олти кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан сўнг қўлга олинган ва шифохонада вафот этган гумонланувчи ушбу оила аъзоларининг ўлимига алоқадор бўлиши мумкин.

Польшанинг Краков шаҳрида 7 ноябрь куни содир бўлган оммавий отишма билан боғлиқ тергов давомида 24 ёшли гумонланувчининг ота-онаси ва синглиси ҳам ҳалок бўлгани маълум бўлди. Уларнинг жасадлари Краковдан қарийб 200 километр узоқликдаги Островетс-Свентокшиски шаҳрида жойлашган хонадондан топилган.

Маҳаллий полиция маълумотига кўра, марҳумлар 53 ёшли эркак, 52 ва 21 ёшли аёллар бўлган. Кейинчалик уларнинг гумонланувчининг отаси, онаси ва синглиси экани тасдиқланган. Дастлабки текширувларда жасадларда ўқотар қуролдан етказилган жароҳатлар аниқланган. Хонадондан еттита ўқотар қурол ҳам олиб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни 24 ёшли шахс Краков тарихий марказидаги Бош майдонга автомобилда кириб, тасодифий йўловчиларга қарата ўқ узган. Ҳодиса оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида икки нафар полиция ходими ҳам бор эди.

Полиция билан отишма вақтида яраланган гумонланувчи қўлга олиниб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Бироқ 9 ноябрь куни эрталаб унинг шифохонада вафот этгани маълум қилинди.

Польша ички ишлар вазири Marcin Kierwinski гумонланувчининг ўта ўнг радикал мафкураларга қизиққанини билдирган. Шунга қарамай, ҳужумларнинг аниқ сабаблари ва мотивлари юзасидан тергов давом этмоқда. Тергов органлари Краковдаги отишма ҳамда унинг оила аъзолари ўлимига бир шахс алоқадор бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Польша Бош вазири Дональд Туск Краковдаги ҳужумни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаган. Фожиа муносабати билан мамлакатда 8 ва 9 ноябрь кунлари миллий мотам эълон қилинган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар