Дин ишлари бўйича қўмита жорий йил 8 август куни умра сафарларини ташкил этишда қонунбузарликларни олдини олиш ва лицензиясиз фаолият юритувчиларни аниқлаш мақсадида муҳим қарор қабул қилди. Унга кўра, эндиликда махсус “Сирли мижоз” механизми орқали яширин назорат тадбирлари амалга оширилади.
Бу чора аввало истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларни алдамчи ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотлар хизматидан асраш мақсадини кўзлайди. Қўмитага кўра, ушбу механизм қонунийлик, холислик ва адолат принципларига асосланади.
“Сирли мижоз” қандай ишлайди?
Ташаббус доирасида қўмита масъул ходимлари ўзларини мижоз сифатида танитиб, гумон қилинган шахс ёки ташкилотлар билан алоқага чиқади. Улар хизмат шартлари, нархлари, сафар муддати, тўлов усуллари ва энг муҳими — тегишли лицензия мавжудлигини текширади. Агар зарур бўлса, яширин диктофон ёки видеоёзув қурилмалари ҳам ишга солинади.
Маълумот манбалари турлича бўлади
Бундай назорат тадбирлари турли манбалар орқали йиғилган ахборотга асосланади. Жумладан:
-
Фуқаролар ёки ташкилотлардан келган расмий мурожаатлар;
-
Давлат идоралари тақдим этган таҳлил ва маълумотлар;
-
Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар;
-
“Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимида хавфи юқори баҳоланган субъектлар ҳақидаги маълумотлар.
Натижалар қандай кўриб чиқилади?
Текширув якунида масъул ходим томонидан расмий далолатнома тузилади. У тақдим этилгандан кейин беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Агар қонунбузарлик аломатлари аниқланса, материаллар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади ёки қўшимча текширувлар тайинланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу чора умра сафарларини фақат лицензияга эга ва ишончли ташкилотлар орқали амалга оширишни таъминлайди. Шу тариқа, фуқароларнинг моддий ва маънавий хавфсизлигига жиддий ёрдам бериши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!