Марғилон шаҳридаги Мактaбгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси пора олаётганда қўлга олинди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, у бир фуқарога давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаси очиш учун керакли рухсатномани олиб беришни ваъда қилган.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчи бу ишни амалга ошириш учун вазирликда ишлайдиган танишларидан фойдаланишини айтган. Шу баҳона билан у фуқародан хизмат ҳақи сифатида 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. Маблағни тўлаш жараёни бевосита бош мутахассиснинг ишхонасида амалга оширилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари ўтказган тезкор тадбирда айбланувчи пулни қабул қилаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 211-моддаси (“Пора олиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, айбланувчи вақтинча қамоққа олинган. Мутасаддилар коррупция ва пора олиш ҳолатларига нисбатан муросасизлик сиёсати қатъий амалга оширилишини эслатиб ўтди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!