date

Бухорода кўзи ожиз аёл қотилликда айбланиб судланди

Бухорода кўзи ожиз аёл қотилликда айбланиб судланди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида истиқомат қилувчи, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган 68 ёшли У.О.га нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Ушбу воқеа маҳаллий аҳоли орасида катта шов-шув ва хавотир уйғотди.

Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шаропов маълум қилишича, 2025 йилнинг 14 августида Когон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди У.О.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси — қасддан одам ўлдириш жиноятида айбли, деб топиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, кўриш қобилияти мутлақо йўқолган У.О. ҳаётда ёлғиз яшаб келган. У ёруғликни фақат оқ ранг сифатида англай олади. Яқин қариндошларининг йўқлиги сабабли, уйида якка ҳолда яшашга мажбур бўлган. Маҳалла аҳолиси уни яхши танийди, аҳволидан доимо хабардор бўлиб туришган.

Жорий йилнинг июнь ойида У.О.нинг яқин қўшниси уйини таъмирлаш учун рус миллатига мансуб, М.М. исмли устани чақирган. Уй таъмири тугагач, У.О. ҳам ушбу устани ўзининг ҳонадон деворларини ҳам таъмирлаб беришини сўраган.

Бир неча кун ўтгач, М.М. У.О. яшайдиган хонадонга келиб, деворларни сувоқлаб, хизмат ҳақини олган. У уйда сув олиб бериш, овқат тайёрлаш каби ишларга ҳам кўмаклашган. Шу орқали У.О. устани ишонган инсон сифатида қабул қилиб, уни дўст сифатида кўра бошлаган. Меҳр кўрсатган, суҳбатлашган, пенсия пулини олиб келишида ҳам унга ёрдам берган. Уйда тайёрлаган таомлар билан зиёфат беришни ҳам режалаштирган.

Бироқ, аёл устанинг дўкондан фақат озиқ-овқат эмас, спиртли ичимлик — ароқ ҳам сотиб олганини билмаган. Уйга қайтгач, ошхонада овқат тайёрлаётган М.М.нинг нега ароқ олгани ва нима сабабдан уни ичганини сўраган. М.М. ичимликни инкор этган бўлса-да, У.О. унинг ароқ истеъмол қилаётганини ҳид орқали пайқаган. Аёл бир неча марта огоҳлантирганига қарамасдан, уста ичишда давом этган ва аёлни ҳам унга қўшилишга мажбур қилмоқчи бўлган. Ҳатто унинг шахсий ҳудудини бузишга ҳаракат қилган.

Ичкиликка ва фаҳшга мутлақо қарши бўлган, ҳаётда турмушга чиқмаган, ногиронлиги туфайли заиф бўлган У.О. бу ҳаракатларга қараб чиқишга мажбур бўлган. У картошка тозалаётганида қўлида бўлган ошхона пичоғи билан маст ҳолдаги М.М.га қаршилик кўрсатган. Унинг танасидаги чап сон қисми ва кўкрак соҳасига юқорига қараб пичоқ уриб, уни яралагандан сўнг ўлимга сабаб бўлган.

Суд жараёнида У.О. ўз қилмишига тўлиқ иқрор бўлган. Марҳумнинг ўғли Р.М. эса отасининг узоқ йиллардан буён спиртли ичимлик истеъмол қилиб келганини айтган ва У.О.га нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган. Шунингдек, айбдорга нисбатан қонуний енгилликлар берилишини сўраган.

Суд ҳайъати ҳукм чиқаришда У.О.нинг ёшини, аёл жинсли эканини, соғлиғидаги муаммоларни, олдин судланмаганини ва жабрланувчининг яқинларининг даъвоси йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, жазони енгиллаштирган.

Бу воқеа одамлар ўртасидаги ишонч, ёлғизлик ва ҳимоясизлик каби ҳаётий масалаларга яна бир бор эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда. Маҳалламизда бундай инсонлар бор экан, уларни ёлғиз қолдирмаслигимиз керак. Улар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳимоя ва эҳтиёжга муҳтож.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода кўзи ожиз аёл қотилликда айбланиб судланди