Мактаб директори фаррошликка ишга олиш эвазига 2 минг доллар сўради

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида мактаб директори фаррош лавозимига ишга кирмоқчи бўлган аёлдан пора талаб қилгани учун судланди. У ярим штат бирлигида ишга жойлаштириш эвазига 1 500 доллар сўраган, қўшимча 0,25 штат бирлиги ажратиб бериш имконияти бўлса, пул миқдорини 2 минг долларгача оширишини билдирган.
Бу ҳақда Kun.uz ишга оид суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 40 ёшли мактаб директори иш сўраб мурожаат қилган аёлдан жами 1 900 доллар ва 1,2 миллион сўм олган вақтида тезкор тадбир давомида қўлга тушган.
Суд мажлисида жабрланувчи директорга ишга кириш истагини билдиргани, бироқ дипломи йўқлигини айтганини маълум қилган. Директор эса уни фаррош сифатида ишга қабул қилиш мумкинлигини, аммо бунинг учун тахминан 2 минг доллар тўлаши кераклигини айтган.
Суд ҳукмига кўра, мактаб директори пора олиш ва пора бериш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, собиқ директор 1,5 йил давомида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.






























Изоҳлар 0
…