Сурхондарёда чақалоғини ҳожатхонага ташлаган онага суд ҳукми чиқарилди

Сурхондарёда чақалоғини ҳожатхонага ташлаган онага суд ҳукми чиқарилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Сурхондарё вилоятида янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб, унинг ўлимига сабабчи бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди.
  • 1993 йилда туғилган Д.Э.
  • Жиноят кодексининг 99-моддаси билан айбли деб топилиб, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
  • Суд жараёнида аёлнинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, вояга етмаган фарзанди борлиги ва ҳомиладорлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олинди.

Сурхондарё вилоятида янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. У Жиноят кодексининг 99-моддаси билан айбли деб топилиб, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Суд материалларига кўра, 1993 йилда туғилган Д.Э. 2024 йил ноябрь ойида Шўрчи туманида яшовчи А.Ў. билан шаръий никоҳ асосида оила қурган. 2025 йил апрель ойида уларнинг қиз фарзанди дунёга келган. Шу йил сентябрь ойида эса аёл яна ҳомиладор бўлган.

2026 йил 8 июнь куни Д.Э. Шўрчи туманидаги уйидан Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи ота-онасиникига келган. Икки кундан сўнг, эрталаб соат 05:00 атрофида у уй орқасидаги ҳожатхонада қиз фарзандини туғиб, чақалоқни унинг ичига ташлаб юборган.

Судда аёл чақалоқ ўлик туғилган деб ўйлаганини билдирган. Бироқ суд-тиббий экспертизаси хулосасида унинг ўлими нафас йўллари нажас билан тўсилиб қолиши оқибатида юзага келган механик асфиксия билан изоҳланган.

Суд мажлисида Д.Э. айбини тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини айтган. У қарамоғида фарзанди борлиги ва ҳомиладорлигини инобатга олиб, жазони енгиллаштиришни сўраган. Чақалоқнинг отаси ҳам аёлга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, суддан унга енгиллик беришни илтимос қилган.

Суд аёлнинг айбини тан олгани, пушаймонлиги, аввал судланмагани, вояга етмаган фарзанди борлиги ва ҳомиладорлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаган. Жиноятни ғаразли ва паст ниятларда содир этилган деб топиб, буни жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этган.

Суд ҳукмига кўра, Д.Э. уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Унга назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартириш, Сурхондарё вилоятидан чиқиш, шунингдек, кафе, бар, ресторан ва оммавий тадбирларга бориш тақиқланган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар