Ижтимоий тармоқларда жамиятни ташвишга солган навбатдаги ҳолат акс этган видео тарқалди. Унда бир ота ўзининг вояга етмаган фарзандларига, жумладан қизига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, қўл кўтаргани аниқ кўрилади.
Болалар ҳуқуқлари бўйича Омбудсман расмий маълумот беришича, ушбу ҳодиса Жиззах вилоятида содир бўлган. Видеода акс этган вазият юзасидан ҳудудий вакиллар ва мутасадди ташкилотлар тезкор ўрганиш ишларини олиб борди.
Текширувлар давомида фуқаро С.Ш. оилада юзага келган низо туфайли икки нафар фарзандига нисбатан жисмоний зўравонлик қўллагани маълум бўлди. Айни пайтда мазкур шахсга нисбатан қатъий чоралар кўрилаётгани билдирилди. Шунингдек, жабр кўрган болалар хавфсиз муҳитга жойлаштирилиб, улар учун зарур психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши таъминланмоқда.
Бу жараёнда ички ишлар органлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий “Инсон маркази” мутаҳассислари ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Улар болаларни қўшимча стрессдан ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳолатини тиклашга ёрдам бериш билан шуғулланишмоқда.
Болалар омбудсмани ўз расмий муносабатида бу ҳолат устидан доимий назорат ўрнатилишини таъкидлади. Шунингдек, тергов ва қонуний жараёнлар давомида қўшимча маълумотлар оммага эълон қилиниши ҳам қайд этилди.
Мазкур воқеа яна бир бор фарзандларни ҳимоя қилиш, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш жамиятимизда қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда. Ота-оналарнинг ҳар бир ҳаракати болалар тарбиясига таъсир қилади. Шу боис, ҳар қандай зўравонлик нафақат оила, балки бутун жамият учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!