Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат Фарғона вилоятида аниқланди, деб хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вилоят бошқармаси. Маълум бўлишича, видеолавҳада ноодатий тарзда тайёрланаётган шўрвада илон ва типратикан ҳайвонлари фойдаланилгани акс этган.
Мазкур ҳолат юзасидан экологик назорат инспекцияси ҳамда 1-минтақавий патруль-пост хизмати ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширув натижалари шок ҳолатида қабул қилинди — Олтиариқ туманидаги "Зилҳа" маҳалласи ва Бувайда туманидаги "Бостон бўво" маҳалласида, қумли ҳудудларда айрим шахслар томонидан қўриқланадиган ва камёб ҳайвонлардан тайёрланган таомлар савдоси билан шуғулланилгани маълум бўлди.
Хусусан, илон ва типратикан каби биологик хилма-хиллик учун муҳим бўлган жонзотлар ноқонуний равишда тутилиб, сақланиб, кейинчалик улардан шўрва тайёрланган ва пуллик асосда сотилган. Экологларга кўра, бу каби ҳаракатлар нафақат табиат қонунчилигини, балки экологик мувозанатни ҳам жиддий равишда бузади.
Шу муносабат билан, мазкур қонунбузарлик ҳолати юзасидан барча тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланиши учун суд органларига тақдим этилди. Эндиликда, суд муҳокамалари доирасида ушбу шахслар ўз қилмишлари учун жавоб беришлари кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!