date

Тошкентда атмосферага зарар етказган 154 шахс жазоланди

Тошкентда атмосферага зарар етказган 154 шахс жазоланди

Жорий йилнинг январь–август ойлари давомида Тошкент шаҳрида атмосферага зарар етказувчи корхоналар, иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолияти синчковлик билан ўрганилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг расмий хабарига кўра, бу муддат ичида жами 1452 та объект хатловдан ўтказилди.

Текширишлар жараёнида 174 та тунги рейд тадбирлари амалга оширилди. Уларнинг давомида 281 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Шулардан 179 тасида қоидабузарликлар дарҳол бартараф этилди. Шунингдек, 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли жазо чоралари қўлланилди. Айрим ҳолатларда 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида судга ариза киритилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, атмосферага салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор объектларга замонавий жиҳозлар ўрнатилди. Хусусан, 11 та янги қозон, 19 та фильтр ҳамда 12 та чанг тозалаш ускуналари фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ҳар йили икки босқичда ўтказиладиган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичи жорий йилнинг 10 апрелидан 10 майига қадар ўтказилди. Унда Тошкент шаҳридaги 40 050 та автотранспорт воситаси текширилди. Натижада 586 та ҳолатда меъёрдан ортиқ зарарли газ чиқарилаётгани аниқланди. Ҳар бир ҳолат бўйича зарур чоралар кўрилди ва камчиликлар бартараф этилди. Шу орқали атмосферага 4,7 минг тонна зарарли моддалар чиқишига йўл қўйилмади.

Айни пайтда пойтахтда “Тоза ҳаво” ойлигининг иккинчи босқичи ўтказилаётгани маълум қилинди. У 10 сентябрдан 10 октябрга қадар давом этади. Бу чора-тадбирлар орқали ҳаво тозалигини таъминлаш, инсон саломатлигига хавф туғдирувчи омилларни камайтириш ва экология мувозанатини барқарорлаштириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқхоналардан чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш мақсадида пойтахтда 12 та ҳудудий ишчи гуруҳ тузилди. Уларнинг таркибига вазирлик ва тегишли идоралардан 150 нафардан ортиқ малакали мутахассис жалб қилинди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда атмосферага зарар етказган 154 шахс жазоланди