Марғилон шаҳрида қонунга зид равишда савдога чиқариш мақсадида сақланган, сифати кафолатланмаган тиббий маҳсулотларнинг йирик миқдордаги партияси аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қонунбузарликнинг олди олинди.
Маълумотларга кўра, фуқаро С.А. ва бошқа шахслар ўзларига тегишли хонадонлар ҳамда савдо дўконларида турли тиббий буюмларни ноқонуний тарзда сақлаб келган. Улардан умумий қиймати 963,5 миллион сўмга тенг бўлган, сифат сертификати йўқ 46 турдаги тиббий маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор тадбир давомида аниқланган дорилар ва тиббий воситалар аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги таъкидланди. Чунки бундай маҳсулотлар клиник синовлардан ўтмаган, расмий органлар томонидан сертификатланмаган ва ишлатилиши одамлар ҳаётига хавф солиши эҳтимолини кучайтиради.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ёки тарқатиш ҳолатлари учун жавобгарликни назарда тутади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!