Наманганда 51,5 млн сўмлик қалбаки пуллар аниқланди

Наманган шаҳрида қалбаки пулларни тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тадбир давомида Поп туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган ва Избоскан туманида истиқомат қилувчи, 1999 йилда туғилган икки шахс ушланган. Улар 20 минг, 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўмлик қалбаки банкнотларни тайёрлаб, сотиш билан шуғуллангани аниқланган.
Тезкор тадбир вақтида икки шахс жами 37,4 млн сўмлик қалбаки пулларни шартли харидорга 7,5 млн сўмга сотганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, ушланган шахсларнинг шахсий тинтуви ҳамда улардан бирининг бошқарувида бўлган «Ласетти» русумли автомобил салони кўздан кечирилганда, яна 6,4 млн сўмлик қалбаки пул борлиги маълум бўлган.
Тезкор тадбир давомида Избоскан туманида яшовчи шахснинг хонадон ҳам текширилган. У ердан 7,7 млн сўмлик қалбаки пул, турли номиналдаги купюралар тасвири туширилган 145 дона оқ қоғоз, компьютер, рангли принтер ва бошқа ашёлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Қайд этилган ҳолат юзасидан икки шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, уларнинг жиноий алоқалари доирасини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.































Изоҳлар 0
…