17 сентябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида юракни эзғуловчи йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Мазкур фожеа натижасида икки ёшга ҳам тўлмаган чақалоқнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ тарқатган маълумотга кўра, воқеа туманнинг “Ангарик” маҳалласи ҳудудида юз берган.
Расмий маълумотларга кўра, соат 09:00 атрофида Cobalt ҳайдовчиси йўлда чапга бурилмоқчи бўлган Nexia автомобилни қувиб ўтишга ҳаракат қилган. Бироқ ҳаракат хавфсиз қоидаларига риоя қилинмагани туфайли икки автоулов ўзаро тўқнашган.
Тўқнашувдан кейин Cobalt ҳайдовчиси транспорт воситасини бошқара олмай қолган ва йўл четидаги тротуарда турган кичик ёшли болани уриб юборган. Қайғули жиҳати шундаки, 2023 йилда туғилган бола олинган оғир жароҳатлар сабабли воқеа жойидаёқ вафот этган.
Ҳозирда Янгиариқ тумани ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан дастлабки суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодиса юзасидан қонунчиликка мувофиқ чора кўрилиши белгиланган.
Маҳаллий аҳоли ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса жуда қисқа вақт ичида содир бўлган ва ҳайдовчининг беэътиборлиги ҳалокатга олиб келган. Ҳозирча ҳайдовчига нисбатан қайси жиноий модда асосида иш қўзғатилиши очиқланмаган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!