Жорий йил 24 сентябр куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларидаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчи болалар заҳарланиши ҳолатлари қайд этилди.
Мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсинг компаниялари масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов жараёни тўлиқ ва холис ўтказилиши учун иш Бош прокуратура назоратига олинди ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Ҳозирда ушбу корхоналар орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган барча боғчалардаги болалар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Шифокорлар маълумотича, оғир ёки ўта оғир аҳволдаги беморлар йўқ, вазият тўлиқ назорат остида.
Прокуратура органлари бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча давлат боғчаларида аутсорсинг орқали озиқ-овқат етказиб бериш жараёнларини ҳам ўрганишни бошлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!