Андижонда тормози ишламаган юк машинаси етти машинани урди. Қурбонлар бор

Андижонда тормози ишламаган юк машинаси етти машинани урди. Қурбонлар бор

Андижон вилояти Булоқбоши туманида тормоз тизими ишдан чиққан юк машинаси еттита автомобиль билан тўқнашди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 10 октябрь куни соат 09:40 атрофида тумандаги «Нефтчилар» маҳалласи Кончилар кўчасида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 1978 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги тупроқ ортилган HOWO русумли юк автомобили «Нефтчилар — Кулла» йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Тормоз тизимидаги носозлик туфайли ҳайдовчи машинани бошқара олмай қолган.

Натижада юк машинаси қарама-қарши йўналишда келаётган Cobalt, Nexia, BYD Song Plus ва Nexia-2 русумли автомобилларга, шунингдек, йўл четида тўхтаб турган Nexia-3, Damas ва Matiz машиналарига урилиб кетган. Тўқнашув оқибатида кўча бўйидаги дўконларга ҳам зарар етган.

Ҳодиса жойида уч нафар фуқаро вафот этган. Юк машинаси ҳайдовчиси ҳамда яна уч киши турли тан жароҳатлари билан туман шифохонасига олиб борилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар